...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хитойда вафот этган 14 ёшли россиялик модель бир ойгача ватанига қайтарилмайди


14:52, 30.10.2017 Олам
 6 155

Владанинг шифохонага боришга имконияти бўлмаган. Боиси Хитойда Владанинг тиббий суғурта ҳужжати расмийлаштирилмаган эди.

Россиялик модель Влада Дзюба Хитойда машҳур дизайнерларнинг мода намойишидаги иштирокидан сўнг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эдик. Модель атига 14 ёшда бўлган.
 
Аввалига у кунига 8 соатдан ортиқ ишлаагани иддао қилинаётган эди. ОАВнинг сўнгги тарқатган хабарларига қараганда, Влада 13 соатлик намойишда иштирок этган.
 
Аслида мактаб ўқувчиси бўлган Влада шартнома асосида Хитойга бир ой аввал кетган бўлиб, бу ерда таниқли дизайнерларнинг намойишларида 3 ой давомида ишлаб бериши лозим эди.
 
25 октябрь куни 13 соатлик намойишдан сўнг Влада ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. У 39 даражалик тана ҳарорати билан оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига олиб келинган.
 
27 октябрь куни эса россиялик модель кучли чарчоқ ортидан юзага келган менингит оқибатида ҳаётдан кўз юмганлиги хабар қилинди.
 
Владанинг онаси қизи Хитойда бўлган вақтида жуда чарчаганлигини маълум қилди. Влада ўз онасини ёнига чақириб, ухлашни исташи ҳақида кўп бор айтган.
 
Онаси қизига шифокорларга мурожаат қилиши лозимлигини таъкидлаган, аммо Владанинг шифохонага боришга имконияти бўлмаган. Боиси Хитойда Владанинг тиббий суғурта ҳужжати расмийлаштирилмаган эди.
 
Қизнинг мураббийи Дмитрий Смирнов суғурта борасидаги ишлар билан шуғулланиши керак эди, аммо у бунга бефарқ қараган.
 
Шартномага кўра, Владанинг иш вақти 4 соатдан ошмаслиги лозим эди. Бироқ бу вақт тартиби 3 баробардан ҳам ошиб кетган.
 
Мазкур воқеа юзасидан Хитойда тергов ишлари бошланди. Хабарларда айтилишича, Владанинг жасади 1 ойгача Россияга қайтарилмайди.
 
Аввалроқ, Россиянинг Шанхайдаги Бош консуллик идорасида Хитойдаги модалар ҳафталигида иштирок этган 14 ёшли моделнинг ўлими сабаблари ҳақида дастлабки маълумотларни тақдим этганди. Унда 14 ёшли моделнинг ўлимига сабаб сифатида асаб тизимининг инфекциявий зарарланиши ҳамда кўпчилик аъзоларнинг яллиғланиш кўринишидаги етишмовчилиги келтирилган. Ҳозирча бу аниқ ташҳис эмас.
 
Аниқ ташҳис учун қизнинг жасадини очиб кўриш талаб этилади. Бунинг учун эса унинг онаси Хитойга етиб келиши зарур. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Дурдона Расулова 

Теглар:Влада Дзюба Шанхай Модель 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!