Спортнинг автомобиль ва мотоцикл, авиамодель ва ракетамодель турлари бўйича совринли ўринларни эгаллаган битирувчилар олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Республика техник ва амалий спорт турлари маркази эса спортнинг техник ва амалий турлари бўйича юқори малакали спортчиларни тайёрлайдиган муассаса этиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
- Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига умумий қабул квоталари доирасида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш учун квоталар кўзда тутилади;
- автомобиль ва мотоцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодель турлари ҳамда олимпия ўйинлари дастурига киритилган спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика мусобақаларида биринчи, халқаро мусобақаларда (Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатида) совринли ўринларни эгаллаган лицей, коллеж ва мактаб битирувчилари тегишли олий таълим муассасаларига умумий қабул квоталари доирасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Қарорга асосан, парашют спорти бўйича спорт секциялари ташкил этилиши белгиланди ва шу муносабат билан Мудофаа вазирлигига парашют спорти бўйича спорт секцияларининг авиация ва ҳаво-десант комплекслари, парашют тизимлари, анжомлар ва тренажерлар билан жиҳозланишини таъминлаш, “Ватанпарвар” МКТ марказлари ва таълим муассасалари негизида фуқаро ёшларни “парашютчи” мутахассислиги бўйича тайёрлашни ташкил этиш вазифлари юкланди.