...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали очилишида иштирок этди


14:30, 31.08.2017 Жамият
 7 623

31 август куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида маросимлар ўтказилди.

31 август куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳайкали очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳайкали очилишига бағишланган маросим Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, талаба-ёшлар, юртимиздаги миллий маданият марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари иштирокида ўтди.
 
Мажмуага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди ва нутқ сўзлади.
 
“Ислом Каримов миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида она халқини, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонни жонидан ҳам ортиқ севар, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади, деб билар эдилар. У киши ўзининг “Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак” деган ғоясига бир умр амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Президент 31 августдан бошлаб ушбу мажмуа бутун халқнинг қутлуғ ва табаррук қадамжоси бўлиб қолишини айтиб ўтди.
 
Майин мусиқа садолари остида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовалар — Ислом Каримов ҳайкалини очдилар. Буюк Инсон ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
 
Ислом Каримов Мустақил Ўзбекистонни 25 йил давомида бошқариб, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида Ўзбекистонда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди.
 
Ислом Каримов бошлаб берган оламшумул ислоҳотлар бугун Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда.
 
Давлат раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ўзбек халқининг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатининг амалий ифодаси бўлди. Қарорда кўзда тутилганидек, Биринчи Президент Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
 
2016 йил октябрь ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасидаги жоме масжидига “Ислом ота масжиди” деб ном берилди.
 
Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Қарор ижроси доирасида Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига бир неча бор ташриф буюриб, Биринчи Президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Ислом Каримов дафн этилган жойда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси лойиҳаси билан танишиб, уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
 
Давлат раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Буюк Йўлбошчи сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танлов эълон қилинган эди.
 
Танлов натижаларига кўра, ҳайкалтарош, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон санъат арбоби Илҳом Жабборов яратган ҳайкал ғолиб деб топилди.
 
Маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ш.Каримов, Ўзбекистон халқ артисти Г.Мельникова, Тошкент шаҳридаги “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Муталов, ФИФА рефериси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Р.Эрматов, Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна Каримовалар — Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз халқини чексиз муҳаббат билан севгани, ўзининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлагани, унинг сўнмас хотираси миннатдор юртдошлар, бутун халқ қалбида абадий сақланиб қолишини таъкидлади.
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар