...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: самарқандлик беморлар додини кимга айтсин?!


13:19, 30.06.2017 Жамият
 15 949

Жағи синган беморга қулоғингизни тозалатинг, дейишса, у бемор додини яна кимга айтсин, масалан-да.

Ҳозирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида, аҳолига замонавий, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишга жуда катта эътибор бериляпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам жорий йилнинг аввалида ушбу соҳа вакиллари билан учрашиб, видеоселектор мажлисида даволаниш учун хорижий мамлакатларга бориш ва бунинг учун катта маблағ сарфлашни қаттиқ танқид қилганди.
 
Лекин, афсуски, бугунги кунда Самарқанд вилоятида катталар учун ягона ҳисобланган Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси Юз-жағ жарроҳлиги бўлими штатлари жорий йилнинг 1 мартидан кескин қисқарди. Бу ҳақда “Qalampir” Фуқаролар қабулхонасига мурожаат ва видеомурожаатлар келиб тушди.
 
Маълум бўлишича, 2016 йилнинг 27 декабрь куни тиббиёт бирлашмаси Бош шифокори томонидан Юз-жағ жарроҳлиги бўлимидаги штатлар қисқарилиши билдирилиб, 2017 йил 27 февралдан муассасанинг кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилиниб, улар шаҳар кўп тармоқли поликлиникасига ўтказилган.
 
1953 йилда ташкил этилган ва Самарқанд тиббиёт тизимида ўз ўрнига эга бўлган бўлимда бош врач томонидан 1.0 штат бирлигида юз-жағ жарроҳлиги мутахассислигига эга бўлмаган ЛОР шифокор бўлим бошлиғи сифатида қолдирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия ва Меҳнат (ҳозирги Бандлик ва меҳнат муносабатлари) вазирликлари билан келишилган 2016 йил 16 майдаги (06-3/356-, 12-03-02/975-сонли туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг тиббиёт, фармацевтик ва бошқа ходимларнинг вақтинчалик штат меъёрларини татбиқ этиш тўғрисидаги бўйруғига кўра, 30 ўрингача бўлган жарроҳлик профилдаги бўлимда бўлим бошлиғи 1.0 штат бирлигида бўлим мутахассиси бўлиши керак.
 
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси Юз-жағ жарроҳлиги бўлими шифокорларининг штатлари кўпайиш ўрнига, аксинча,  қисқариши маҳаллий беморларнинг марказга, яъни Тошкентдаги тиббий муассасаларга мурожаат қилишлари, бир дардининг ўн дардга айланишига олиб келмоқда. Беморлар ва уларнинг яқинлари учун ортиқча сарф-харажат, оворагарчиликларни келтириб чиқармоқда.
 
Ўз мутахассисликлари бўйича ишламаётган тоифали, вилоятда билим ва тажрибаси билан танилган шифокорлар вилоят ва шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларига масаланинг ушбу жиҳатларини оғзаки ва ёзма тушунтиришга ҳаракат қилишди, лекин мурожаатларига қониқарли жавоб олишмади.
 
Ушбу ҳолат юзасидан шифокорларнинг мурожаатларидан сўнг журналистик суриштируви ўтказилди ва “Менинг юртим” телеканалининг ижодий гуруҳи аҳволни ўрганиб, тасвирга олди. Бироқ, мана, 4 ойдирки, штат қисқаришига асосли сабаб ҳам келтирилмади, номутахассис бўлим бошлиғи ҳам ўз ўрнини мутахассисга бўшатиб бермади.
 
Мурожаатдан аён бўлишича, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси Юз-жағ жарроҳлиги бўлимида номутахасис врач 2014 йилдан бери фаолият юритиб келади. Демак, одамларнинг соғлиги ишончсиз қўлларда қолмоқда. Жағи синган беморга қулоғингизни тозалатинг, дейишса, у бемор додини яна кимга айтсин, масалан-да. Ё ҳамма Тошкент шаҳрига учиб келсинми?!
 
Ушбу муаммо яна қачонгача пайсалга солинади? Мутахассислиги ЛОР шифокори бўлган врач нима сабабдан бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритаётганига кимдир изоҳ берадими? Ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи Самарқанд шаҳар тиббиёт маркази Бош шифокори учун аҳамиятга эга эмасми?
Бобур Жалолов

Теглар:Самарқанд Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар