...
МЕНЮ
ONLINE TV

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан яна бир уюшма ташкил қилинди


09:45, 06.10.2018 Жамият
 4 054

Уюшма раҳбарлари таркиби, унинг вазифалари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда анор етиштирувчи ташкилотларнинг Фарғона вилоятида анор кўчатларини етиштиришни янада ривожлантириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Анор етиштирувчилар” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
 
Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
 
анорчилик соҳасини ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида уюшманинг филиалларини очиш, ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш;
 
соҳани комплекс ривожлантиришда иштирок этиш, илмий-техникавий, технологик, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва илғор инновацион технологияларни жорий қилиш;
 
ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ресурс тежайдиган интенсив технологияларни қўллаган ҳолда анорзорлар барпо этиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш;
 
анор етиштириш жараёнларига хорижий инвестицияларни, чет эллик мутахассислар ҳамда маслаҳатчиларни фаол жалб қилиш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш ва соҳага илғор технологияларни кенг жорий қилиш;
 
сифатли экспортбоп анор кўчатларини кўпайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларига кўчатларни тизимли етказиб бериш, касаллик ва зараркунандаларга қарши биологик ҳамда кимёвий воситалар асосида курашиш ишларини ташкил этиш;
 
анор етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспортга етказиб бериш жараёнларини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
 
анорзорларда мавсум давомида агротехника тадбирларини сифатли ўтказиш бўйича фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларини ўқитиш учун анорчилик мактабини ташкил этган ҳолда махсус ўқув-тайёрлов курсларини ташкил этиш;
 
янги анорзорлар ташкил этиш ва агротехника тадбирларини ўтказиш учун талаб этиладиган минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳисоб- китобини юритиш.
 
Шунингдек, Фарғона вилоятидаги “Фарғона анорчилик” ва “Миндонобод агросаноат” агрофирмалари, “Фарғонаазот” АЖ, “Мастона” АЖ, “Агро сифат логистика” МЧЖ, “Агро сервис азия” МЧЖ, анор кўчатчилиги ва экспорта билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар, анор етиштирувчи фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ташкилотлар Уюшма муассислари ҳисобланади;
 
фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар шартнома асосида Уюшмага мустақил аъзо бўлиш ва унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгалар;
 
Уюшма фаолиятини молиялаштириш унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг ихтиёрий ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
 
“Анор етиштирувчилар” уюшмасининг бошқарув ходимлари умумий чекпанган сони 12 нафардан иборат бўлган ижро этувчи аппаратига эга бўлади. Уюшмага раис раҳбарлик қилади.
 
Уюшма раиси зарурат бўлганда, ижро этувчи аппаратнинг тузилмасига ўзгартириш киритиш хуқуқига эга. Уюшма раиси ва ўринбосарлари эса муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади.
 
Шунингдек, Уюшма таркибида Анорчилик илмий-инновацион маркази ташкил этиш ва қуйидагиларни унинг асосий вазифалари этиб белгилаш таклифига розилик берилди:
 
инновацион технологияларни жорий этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун махсус кўчатчилик лабораториясини ташкил этиш, ушбу лабораторияда анорнинг маҳаллий серҳосил, вирусдан ҳоли бўлган соғлом, касалликка, қурғоқчиликка, совуққа чидамли, жаҳон андозаларига мос ва уруғсиз анор кўчатларининг янги навларини яратиш;
 
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, юқори ҳосил берадиган экспортбоп янги навларни районлаштириш;
 
анорзорлар қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, кўчатларни экиш схемаси, парваришлаш, суғориш, озиқлантириш ва мавсум давомида агротехник тадбирларни ўтказиш, юқори ҳосил олиш масалалари бўйича илмий асосланган амалий тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;
 
анор кўчатларини экиш, парваришлаш, етиштириш, йиғиштириб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича ҳар йили мавсумда жойларда кўргазмали ўқув-семинарлар ўтказиш;
 
кўчатларни экиш ва агротехник тадбирларни ўтказиш бўйича кўчат етиштирувчи фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
 
етиштирилган анор кўчатларини фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг шахсий томорқалари учун сотишни йўлга қўйиш.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Анорчилик Фарғона вилояти Уюшма Вазирлар Маҳкамаси қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар