...
МЕНЮ
ONLINE TV

Валюта курси тушмас экан, дорилар нархи ошаверади


17:07, 21.10.2017 Жамият
 6 842

Дорихоналарда сотилаётган дориларнинг аксарияти, айниқса, кучли юқумли касалликлар ва ижтимоий касалликларга оид дориларнинг кўп қисми хориждан келтирилади.

Аввалроқ, Ёшлар медиа марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ва соҳа мутахассислари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган ҳақида хабар берган эдик.
 
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 2016 йил 31 октябрь куни “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Ушбу қарор қабул қилинганидан сўнг, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб 167 номдаги дори-дармон воситаларига муайян нарх белгиланиб, нарх-навонинг сунъий оширилишига чек қўйилди. Хўш, ушбу дори-дармонлар дорихоналарда борми?
 
Айни пайтда мамлакатимизда 9 мингга яқин хусусий дорихона ва уларнинг филиаллари, шунингдек, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимига кирувчи 1400 дан ортиқ дорихона фаолият кўрсатмоқда.
 
Президентнинг жорий йил 17 июль куни имзолаган “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса ижтимоий аҳамиятга эга дориларни импорт қилиш масаласига қаратилди.
 
Маълумки, дорихоналарда сотилаётган дориларнинг аксарияти, айниқса, кучли юқумли касалликлар ва ижтимоий касалликларга оид дориларнинг кўп қисми хориждан — Ҳиндистон , Покистон, Германия, Польша, Чехия каби мамлакатлардан келтирилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаганидан сўнг, Ўзбекистонда 1 АҚШ долларининг расмий курси 3889 сўм 65 тийинга қимматлаб, 8100 сўмни ташкил қилди.
 
Жорий йилнинг 16 октябрь ҳолатига нисбатан 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 8058 сўм 77 тийинни ташкил этмоқда.
 
Шу ўринда савол туғилади: валюта арзонлиги вақтида дориларнинг нархини тушириш долзарб масала бўлиб турган эди. Кўплаб дорилар хориждан, долларда олиб келингани сабаб уларнинг нархини муқобиллаштириш осон кечгани йўқ. Ҳатто кўплаб дорихоналар қўйилган муқобил нархларга дориларни олиб келиш нархи тўғри келмаётганидан шикоят қилди. Бу орада дори-дармон воситалари божхона тўловларидан озод қилинди. Бироқ долларнинг бирданига қимматлаб кетиши дорихона эгаларини яна ташвишга солди.
 
Бугун хориждан дори импорт қилувчилар олдида қатор муаммолар турибди. Дориларни Ўзбекистон бозорига олиб кирса, қайси нархдан сотади? Ўрнатилган муқобил нархлар кўп ҳолларда дориларнинг тан нархини ҳам қопламайди. Дорихоналарда дориларнинг тақчиқлиги кузатилмоқда. Айрим дориларнинг қиммат сотилаётганидан, йўқлигидан, топиш муаммо бўлаётганидан арз қилаётган аҳоли фақат дорихона эгаларини айблайди, холос. Танганинг иккинчи тарафи эса кўпчиликнинг кўзидан четда.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқ сақлаш вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида “Qalampir.uz” интернет-нашри раҳбари Қамариддин Шайхов ушбу масала юзасидан тизим расмийларига мурожаат қилди.


 
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов дори-дармонларни валютада олиб кириш ва тадбиркорлар, дори-дармон импорти билан шуғулланувчи корхоналарга хориж валютасини арзон нархда сотишга эришиш олдидан турган энг катта масала эканини айтади.
 
“Аҳоли, ишлаб чиқарувчи ва шифокорлар ўртасида жуда катта муаммолар мавжуд. Айни дамда муқобил нархларда сотилиши керак бўлган дориларнинг рўйхати бор. Бу рўйхат кундан кунга ўзгармоқда. Аҳолининг истаги сифатли, самарали ва ҳамёнбоп дори воситасини харид қилиб фойдаланиш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларига кўра соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторга жуда катта имкониятлар яратиб берилди. Булардан энг қувонарлиси, божхона солиқларидан озод қилиниши. Бу дори воситаларининг тан нархи пасайишига олиб келди.
 
Ишлаб чиқарувчилар ва дори-дармон импорти билан шуғулланувчилар олдида турган мураккаб масалалардан бири валюта айирбошлашдир. Валюта курсининг бирданига кўтарилиши дори воситалари тан нархининг ҳам ошишига сабаб бўлмоқда”, дейди “Ўзкимёфарм” АЖ сифат ва иновация директори Бобур Икромов.
 
Валюта бозорида истисно тариқасида дори ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун шароит яратилмас экан, дориларнинг нархи кўтарилиб бораверади. Боиси бу доллар “об-ҳавоси” билан боғлиқ масала.
 
Хўш, амалий иш, режа борми?
 
“Жорий йилнинг 18 октябрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда бугун кўтарилган масалага ҳам катта эътибор қаратилди. Валюта бозори фаолиятини эркинлаштириш, фармацевтика саноатидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича бир ой муддатда президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди. Бу бўйича жуда катта ишлар бошланган. Бир ой муддатда фармацевтика корхоналари олдида турган валюта айирбошлаш масалаларини ечувчи қарор имзоланади”, дейди “Ўзфармсаноат” АК масъул ходими Жамолиддин Нажмиддинов.
 
Кўтарилган масала долзарб. Ечим эса интиқлик билан кутилмоқда. Агар фармацевтика корхоналарига доллар курси бўйича енгиллик яратилса, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди.
 
Маълумот учун, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда 130 дан ортиқ фармацевтика корхонаси томонидан 2500 номдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилади. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Дари-дармон Хорижий валюта Соғлиқни сақлаш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар