Низомда қайд этилишича, банклар қарз олувчиларга таъминот турларидан бирини талаб қилмасдан бланкли кредит бериш ҳуқуқига эга.
Мазкур ҳужжат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун аҳолига имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар ажратиш тартибини белгилаб берди.
Хусусан, унга кўра туман (шаҳар)даги сектор раҳбари, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан бериладиган тавсиянома асосида аҳолига 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача (17 224 000 сўмгача) йиллик 7 фоиз ставкада 3 йил муддатга микрокредитлар ажратилади.
Низомда қайд этилишича, банклар ички кредит сиёсатига мувофиқ қарз олувчиларга таъминот турларидан бирини (гаров, кафил, суғурта полиси) талаб қилмасдан бланкли (ишончли) кредит бериш ҳуқуқига эга. Бунда банк қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарини суғурта қилиши шарт.
Микрокредитлар ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, улар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришини ташкил этиш, шахсий томорқа участкаларида маҳсулот етиштириш ва чорвачилик билан шуғулланиш учун ажратилади.
Микрокредитлар пул ўтказиш йўли билан ажратилади. Шу билан бирга мақсаддан келиб чиққан ҳолда микрокредит суммасининг 30 фоизи миқдоридаги қисми нақд пул кўринишида берилиши мумкин.