...
МЕНЮ
ONLINE TV

Уятчан журналист + Безбет журналист = Барибир журналист


10:26, 20.06.2017 Жамият
 3 012

Ҳатто сизнинг тадбирингизни бошқа ёритмаймиз, деб жаҳл тўнини кийганлар учраган.

Яқинда бир тадбирга бордим. Одатда журналистлар тадбир бошланишидан 15-20 дақиқа эртароқ боришади. Мен ҳам улар қатори шунга амал қилиб келаман. Аммо кечикувчилар ҳам йўқ эмас, албатта. Буни қарангки, бир журналист кечикиш уёқда турсин, тугагач келса денг. Бунга кўпчилик эътибор бермади (ҳатто ташкилотчилар ҳам). У ҳеч нима бўлмагандай (тўғрироғи, бу ҳол унга бегона эмасдек) ташкилотчилардан тадбир ҳақида интервью олди. Сўнг...
 
Сўнг стол устида турган газсиз сувдан бирини олиб, сумкасига солди (энг ажабланарлиси, у бу ишидан жиндек бўлса-да уялмади). Бу ҳам майли. Ташкилотчилар томонидан кофе-брейк ташкил этилганини билгач, атрофга бир-бир алангладию, ҳаммадан аввал ёзилган дастурхонга ошиқди. Тўғриси, бу каби ҳолатларга сиз ҳам дуч келган бўлсангиз керак. Ораларингизда бу янгилик эмас-ку, дегувчилар топилар балки. Энг ёмони ҳам шу-да! Ахир тадбирга қорин ғамини ейиш учун борадиган журналистларнинг кўпаяётгани биз учун уят эмасми?
 
Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Биламизки, баъзи ташкилот тадбирларида блокнот, ручка солинган пакетлар тақдим этилади. Бундай олиб қараганда, арзимаган нарсалар. Аммо шу арзимас нарса ҳам талаш. Тақдирлашлардаги совға олмай ёки етмай қолганларнинг аразию гиналарини гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто сизнинг тадбирингизни бошқа ёритмаймиз, деб жаҳл тўнини кийганлар учраган.
 
Журналистика инсондан фидойиликни талаб этади. Юқоридаги “қилғиликлар”ни қилаётганларни журналист деб айтиш мумкинми?! Етмаганига, бу хурмача қилиқларнинг аксариятини ёши катта журналистлар қилаётганига нима дейсиз? Ёшлар-ку, ҳозирча уятчан. Ҳозирча деганимнинг сабаби, бора-бора буларни кўриб, пишиб бораётган айрим ёш журналистлар “Биз ҳам шундай ҳаққимизни талаб қилишимиз керак”, дейиши мумкин-ку (гўёки улар шу йўл билан ҳақларини талаб қилишади). Инсон адолатсизлик бўлган жойда ҳаққини талаб қилса арзийди. Аммо бу ерда ким томонидан адолатсизлик қилиняпти? Ташкилот томониданми ёки журналист?
 
Журналистнинг ҳам ўзига яраша касб-одоб меъёрлари бор. Бундай ахлоқ-қоидаларига риоя этиш ихтиёрий эмас, балки улар учун мажбурият ҳамдир. Узр-куя, журналист фақат экранда ёки ёзган мақолаларида эмас, жамоатчилик кўз ўнгида ҳам этика қоидаларига амал қилиши керак. Акс ҳолда, унинг жамиятдаги роли кўзбўямачиликка айланади, холос!
Нигина Ҳакимова

Теглар:Журналист Кофе-брейк 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

ada
11:16 20.06.2017

ҳамма гап тўғри Бизда ҳам турли семинарлар бўлиб туради. Журналистларни айтмай қўяверинг катта катта ташкилот раҳбарлари талашиб урушиб аразлашиб қолишади. Семинарда ҳаммани кўнглини олиш қийин. биттасига етса биттасига етмайди Ўша ташкилот раҳбарлари ё бир маротаба тутади ёки умуман тутмайди. кофе-брейкни айтмаса ҳам ёзмаса ҳам бўлаверади.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар