Барчасига Яратганнинг инъоми – ақл-заковати, истеъдоди ва тинимсиз меҳнатлари билан эришган.
“Шароф акам ўз халқининг, Ватанининг фидойи фарзанди эди, сўнгги нафасига қадар шу халқ манфаатлари йўлида курашишни ҳар нарсадан устун қўйиб ишлади, яшади”, дейди Асил Рашидов.
Оқсоқолнинг ҳикоя қилишича, улар оилада олти ўғил бўлишган: Камолиддин, Шарофиддин, Саҳобиддин, Исомиддин, Аслиддин. ва Насриддин. Тўнғич Камолиддин ёшилигида хасталик туфайли вафот этган. Саҳобиддин эса юрист бўлган, Исомиддин жамоа хўжалиги радиоузелида ишлаган, Насриддин илм-фан йўлидан борган.
Ука акаси ва Хурсандой янгасининг никоҳ тўйларини аниқ эслайди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат оғир аҳволни бошдан кечираётган, йигитлар фронтда жон олиб-жон бераётган пайтда Шароф Рашидов уйланаётганидан хижолат бўлганми, ҳайтовур, миллий одатларимизга сал мос келмаса ҳам, куёв бола ўз тўйида нутқ сўзлаган, барчани шундай оғир паллада душманга қарши бир мушт бўлиб бирлашишга ундаган.
“Шароф акам меҳнат учун туғилган эди. Барчасига Яратганнинг инъоми – ақл-заковати, истеъдоди ва тинимсиз меҳнатлари билан эришган. Бизни ҳам фақат меҳнат қилишга ундаган. Бир шеърида ёзганидек, унинг ғурури, сурури, ҳузури ҳам меҳнатда эди”, дея олис хотираларни ёдга олган ука.
Айтилишича, пофессор Асил Рашидов тарих ҳақиқатлари хусусида “Акам ҳақида” китобида батафсил ёзган. Яқинда бу асарни тўлдириб, қайта нашрга тайёрлаганини қўшимча қилган.