Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан катта миқдордаги товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Республикамизда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун кенг имкониятлар ва енгилликлар жорий қилинаётганига қарамай республикамизга олиб кирилаётган товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда баъзи шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши кузатилмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан катта миқдордаги товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Жумладан, “Чуқурсой техник идора” чегара-божхона постида Хитойдан Фарғона вилоятида фаолият юритувчи “Яхши Ният Замин Файзи” масъулияти чекланган жамияти номига келтирилган юклар ортилган иккита темир йўл контейнери юк эгаси ва холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.
Кўрик давомида мазкур контейнерларда йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган 28 минг донадан ортиқ адёл, 12700 дона электр ҳисоблагич, 183 минг дона компакт диск, ошхона идишлари, маиший техника буюмлари, кийим-кечак умумий қиймати салкам 4 млрд сўмлик товар-моддий бойликлари борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тошкент транспорт прокуратурасига юборилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин, деб маълум қилади Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси Ахборот хизмати.