...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умида Абдуазимова: “Насиба Мақсудова “Дийдор ширин”да лаган-лаган ош тарқатиб, уйига қуруқ қўл билан қайтарди”


19:35, 10.02.2017 Жамият
 11 184

Шоира ва ёзувчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Умида Абдуазимова Насиба Мақсудовани ёдга олди.

Хабарингиз бор, ўзбек телевидениесининг таниқли суҳандони, 50 дан ортиқ кўрсатувлар муаллифи ва бошловчиси, олий тоифали диктор, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, “Шуҳрат” медали соҳибаси Насиба Мақсудова 8 февраль куни 68 ёшида вафот этди.
 
Диктор уни таниган-билганлар – яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдлари хотирасида табассуми, хушфеъллиги, одамоҳунлиги ва меҳрибонлиги билан қолди. Бугун, 10 февраль куни Насиба Мақсудова сўнгги манзилга кузатилди. Дикторнинг дафн маросимига йиғилганлар у умрининг сўнггига қадар бор куч-ғайратини ўз ишига, касбига бахшида этгани, эртанги авлод тарбияси учун катта ҳисса қўшгани ва ўзидан мактаб қолдириб кетолганини таъкидладилар.
 
Бугун унинг суратини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаб, Мақсудова ҳақидаги энг ёрқин хотираларини ёзиб қолдираётлар дикторнинг доим одамларга табассум улашганини алоҳида эътироф этишмоқда.
 
Жумладан, шоира ва ёзувчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Умида Абдуазимова ҳам ўз ёзганларида Насиба Мақсудованинг самимий аёл бўлганига алоҳида урғу берди.
 
“Бир пайтлар ЎзТВ дастури “Ғани Аъзамовнинг чойхонаси”га бир қиз кириб келиб, суҳандон бўламан, деган. “Ўқишни дўндиролмасанг, хуснинг ҳам ҳамин қадар”, деган жавобни олса, “За-то исмим Насиба”, деган экан...
 
Ҳа, уч суҳандон, уч Насибадан дунё ҳабарларини эшитиб, кунлик маълумотларни олиб, кўнгилочар дастурларни дилкашлик билан олиб боришларидан ҳушвақт эди, бизнинг авдод. Насибалар эса ҳар бир ўзбек хонадониниг аъзосига айланганди.
 
Айниқса, Насиба Мақсудованинг ҳар борада одилона фикр юритиши, ўзини шоҳ-гадога тенг тутиши мени ўзига яқинлаштирганди. Тошкентда машҳур Мақсудовлар, яъни дунёга донғи кетган шифокорлар сулоласидан бўлмиш Насиба опам Миллий Университетнинг журналистикасида менингдек ўқиганидандир бу...
 
ТошМИда ўқиб дўхтир бўламан деб юриб, мухбирликка чоғланиб қолганимдандир балки?
 
Йўқ, унинг кулиб туриши, менга тенгдошдек юриши, Умидахон деб сўз бошлашидандир, менимча!
 
Одатда тошкентликлар исмга “хон” қўшимчасини ҳамма вақт ҳам қўшавермайди. Айниқса, мен. Ўзимдан кичиклар билан сал яқинроқ бўлсам, бўлди, “сиз”ни осонгина “сен”га алмаштираман...
 
Яқингинада, янглишмасам, Ферузахон дугонамизнинг олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган тантанада мени узоқдан кўриб, ўрниларидан туриб, олдимга юриб келиб, “Яхшимисиз, Умидахон? Одамни соғинтириб юбордингиз-ку! Нега кўрсатувларга чақиртирсам келмаяпсиз? Ё мендан хафамисиз?”, деб жарангдор дилбар товушда гапираётганларида шу ҳақда ўйлагандим: “Умидахон дейдилар-а, ўрган Умида, ўрган, муомалани”, деб ичимда шивирлаб тургандим.
 
Насиба опамлардан ўрганадиган фазилатлар беҳисоб эди.
Энг аввало, назари тўқлик! Аёлмасмизми, тўй-ҳашамлардаги тўкин дастурхонларда тўйиб ўтириб, боламга, деб илиниб, бирор ширинликми, емаган сомса, кабобимизними, сумкамизга солиб оламиз. Бу аслида жуда хунук одат!
 
Бир шундай она қазо қилибди ва кўп ўтмай, ўғлининг тушига кирибди:
 
“Ўғлим, уч кўчанинг бошига ширинлик ва майиз-туршаклар солинган қоп қўйиб қўй. Зора одамлар ундан олиб, гуноҳларимни енгиллатишса”, дебди она.
 
Насиба опамнинг “Дийдор ширин”и ҳомийлар сабаб, доим тўкин бўлган. Ҳомий топишда ҳам аввало опажонимнинг саъй-харакати, ширин сўзи, ақл кўзи иш берган Эҳ-ҳе, қанча атир-упалар, эсдалик совғалар ва бирга тушган суратлар олганмиз-а, бу кўрсатувдан! Унинг ташкилотчиси Насиба Мақсудованинг ўзи эса лаган-лаган ош кўтариб, кўрсатув қатнашчиларини меҳмон қилиб юрган... Лекин гувоҳиман, на улашилган совға, на мева-чева кўтариб кетмаган, уйига! Балки, мен билан йўл транспортида чақчақлашиб, кулишиб, кичик сумкачасини қўлтиғига қистириб қайтган.
 
Кўрсатувни суратга олиб беришга четдан операторлар ёллар, тўйхоналар билан битим тузиб баъзан кўрсатувини тунги 12:00 ларда ёзишни бошларди. Ҳамма пальтода қалтираяпти, у эса ҳарир либосда кулиб-кулиб муз қотган камерага гапираяпти, таҳрирсиз, дона ва дона... Бунча ҳам касбига фидойи бўлмаса, бу опам!
 
Ақл-хушли, жамиятда ўрнини топган ўғли ва икки қизи, севиб, севилиб турмуш қургани – зиёли, олим эри, қатор-қатор набиралари бор унинг! Катта қизи Уммон давлатида оиласи билан яшайди. Сайру саёҳат қилиб юрмайдими? Йўқ, хайрли ишлар билан банд эди. Унутганларимизни эслатиб, соғинганларимизни кўрсатиб, қадрдонларимизни учраштириш билан банд эди ва ўзи ҳам ана шу бандликда кетди, юрагини бўлиб-бўлиб...
 
Ҳар кўрсатувда ким келмай қолар, кимдир фавқулодда сўз олар, хуллас, кулиб турган опамнинг юрагини пораларди...
Эллик беш йил фаолият кўрсатиб, яқингинада олганди, “Шуҳрат” медалини.
 
“Шунча хизматдасиз-ку, албатта тақдирланасиз, хизмат кўрсатган, йўқ-йўқ, халқ суҳандони бўласиз”, дердим. Опам эса куларди, “Айтганингиз келсин”, деб!
 
“Ҳа, аллақачон халқ ичига кириб, халқники бўлиб кетган Турсуной Содиқова, Марҳабо, Фаридалар қаторида унвон оласиз, албатта”, дердим.
 
Насиба опамнинг кулгулари жуда ярашарди. Ҳамма суратларида кулиб турибдилар... Бир куни опам билан
болалар даврасида суратга тушаётганимизда:
“Қани болалар, кулиб турамиз. Кулолмаслар бараварига “си-и-ир” десин-чи! Кимга сир, болалар?”, дегандилар. “Си-и-ир”, дегандим мен ҳам қўшилиб...
 
Хафа ҳам қилмасдилар совуқ сўз, совуқ нигоҳ билан, хафа ҳам бўлмасдилар ўзлари ҳам оҳ-воҳ қилиб. Очиғи бирор марта ҳам, жаҳл қилганлари, ғийбатлашиб, кимнингдир “арпасини ҳом ўрган”ларини билмайман.
 
Билинтирмай кетиб ҳам қолдилар-а! Илоҳим, ҳиёнатни билмас, диёнатли опажоним жаннатларга етиб олсинлар!
Ширин забонлари сўроқларда осонлик берсин.
 
Эзгу амаллари, қилган ва қолдирган меҳру маънавиятли оламлари ортларидан эргашиб борсин. Машаққатли ва айни чоқда мароқли меҳнатларининг ажрини берсин”.

Теглар:Умида Абдуазимова Насиба Мақсудова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар