...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан республиканинг энг ибратли аёлларини “Наврўз” ресторанига жамлади


12:39, 05.03.2017 Жамият
 9 044

Бир гуруҳ аёллар пойтахтдаги “Наврўз” ресторанида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, байрам табригини шахсан унинг ўзидан эшитиш, самимий суҳбатидан баҳраманд бўлишга мушарраф бўлдилар.

Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни мамлакатимизда катта тантана қилинади. Неча йилдирки бу байрамни Тошкент шаҳрида “Туркистон” саройида нишонлаш, давлат ва жамият ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини топган, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, тиббиёт, қўйингки, барча соҳаларда юрт равнақига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ аёлларни жамлаб, уларни байрам билан муборакбод этиш анъанага айланган эди. Шу куни Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлган қизларга ҳам мукофот тантанали равишда топшириларди.
 
Бу йилги байрам ҳар йилгидан ўзгача, ҳар йилгидан шукуҳли ва ҳар йилгидан эсдақоларли ўтди. Кеча, 4 март куни юрт равнақи, жамият тараққиёти учун катта ҳисса қўшаётган бир гуруҳ аёллар пойтахтдаги “Наврўз” ресторанида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, байрам табригини шахсан унинг ўзидан эшитиш, самимий суҳбатидан баҳраманд бўлишга мушарраф бўлдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Умида Абдуазимова ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали шундай ёзади:
 
Бугун беҳад хурсандман! Пойтахтимиздаги “Наврўз” кошонасидан юрагимга ишонч, ишчанлик, ҳаяжон солиб қайтдим. “Ишлаганлар дам олишни ҳам билиши керак. Мана, ҳамма таниқли санъаткорлар хизматингизда. Хоҳлаганингизни айтинг, уларни ҳам чақираман” , дедилар юртимиз раҳбари. Яна айтдиларки, “етмиш уч ҳам эмас, аниқ ҳисобладим, етмиш икки фоизи аёллардир, ишлаб, юрт ривожига ҳисса қўшаётганларнинг...
 
Аёллар оёғи ердан узилган айрим эркак раҳбарлардан ишончлидир. Оиласини, обрўсини, келажагини ўйлайди, аёллар!”.
 
Гарчанд нафақада бўлсам-да, “ҳар куни сўмка кўтариб” учрашувми, тадбирга чиқиб кетадиган мендек харакатдаги ижодкорга илҳомбаҳш сўзлармасми бу?
 
“Ўзим атайлаб шоирларни кўп чақирдим. Ижодкорлар уйғонсин!”, деб бизни ижодга рағбатлантирганларида ҳам, “Нега соғлиқ ва тинчлик посбонларини кўп танқид қиляпман, яхши ишлашсин деяпман. Чунки, бизга аввало соғлиқ ва тинчлик керак”, деб таъкидлаганларида ҳам қалбимда шукроналик беҳад эди.
 
Яна “Ноқобил фарзанд ўстирган ота-онани қонунан жазолаш керак”, деганларида ҳамма қарсак чалиб юборди. Рост-да, ота-онадаги эътиборсизлик сабаб, нега устозлар азият чекиши, жамият шикастланиши керак?
 
Борсак ҳам меҳмон қиласиз, келсангиз ҳам Тошкентнинг ресторану кафеларига чорлаб, меҳмон қиласиз, дегандим кечагина наманганлик дугонам шоира Дилбар Ҳайдаровага.
 
Буни қарангки, юрт раҳбари ҳам кузатганларида, меҳмон аёлларга юзланиб дедилар:
 
“Бугун кетманглар. Тошкентликлар уйига олиб бориб, меҳмон қилади, сизларни. Чунки, уларни ҳамиша ҳар қаерда меҳмон қилгансизлар”.
 
Хуллас кўп ва хўп гапларни эшитарканман, меҳмон дастурхонгамас, мезбоннинг кўзига қарайди деганларидек, ёз ва куз неъматларини эрта баҳорда бизга илинган ҳамма мезбонларга меҳрим тўкилди! Шунданми, рақсга ҳам тушдим, соғинганларим билан дийдорлашдим. Шу куни тарихда биринчи марта Ўзбекистон Президенти Зулфия мукофоти совриндорларига ҳужжат ва кўкрак нишонини ўз қўллари билан топширдилар!
 
Ҳа, Биринчи Президентимизнинг тарихий ишларини таъкидлаб, мамлакатимиз равнақига ҳисса қўшган барча давр қаҳрамонларини номини жойига қўйишга ундашлари ҳар қанча эъзозга лойиқ.
 
Эътибор қилинг-а, ҳар маърузаларида, албатта, Биринчи Президентимизни тилга оладилар.
 
Кеча ишини ўрганиб, у кетгач, ўрнини эгаллаган айрим раҳбарчаларга сабоқ бўлиши керак бу! Ҳа, беҳад ҳурсандман”.
 
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда ўзбек эстрадасининг энг кўзга кўринган вакиллари хизматда бўлган. Дарвоқе, Президент ҳаммани умумий табриклагани йўқ. Аксинча, аёлларга бўлган чексиз ҳурмати ифодаси сифатида улар номлари битилган алоҳида табрикномаларни қўлига тутқазди.
 
Ўзбекистон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, халқаро танлов ва фестиваллар ғолиби, бастакор Ойдин Абдуллаева ҳам Президент табригини ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлаштирди.
 
Унда шундай ёзилади:
 
“Муҳтарама Ойдин Утамуродовна!
 
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан самимий табрик ва эзгу тилакларимни қабул этгайсиз.
 
Эл-юртимиз сизни самарали меҳнати, эзгу фазилатлари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, барчага ибрат ва намуна бўлиб келаётган фаол ва фидойи опа-сингилларимизнинг муносиб вакиласи сифатида яхши билади ва юксак қадрлайди.
 
Сизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан халқимиз номидан, ўз номимдан яна бир бор табриклаб, Сизга ва оила аъзоларингизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
 
Ҳурмат ва эҳтиром билан: Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти”. 

Теглар:Президент табриги Умида Абдуазимова Ойдин Абдуллаева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Сайёра
09:54 06.03.2017

Юртбошимизга рахмат Хотин кизларни эъзозлаганлари учун, у киши хеч кимга беэтибор эмаслар.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар