Бу борада армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимизнинг муҳтарам фахрийлари!
Қадрли юртдошлар!
Сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Биз сизлар билан – ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Айнан сизларнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматларингиз туфайли осмонимиз мусаффо, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ўз фарзандларини – Қуролли Кучларимизнинг аскар ва офицерларини Алпомишдек ботир, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбийларимиз билан ҳаёт қувончи ва ташвишларини доимо баҳам кўриб келаётган уларнинг рафиқалари ва оила аъзоларига катта раҳмат айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан.
Муҳтарам ватандошлар!
Мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз.
Бу борада армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.
Қадрли дўстлар!
Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда.
Давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.
Барчамиз яхши англаймиз: бу борада ҳар бир ҳарбий хизматчининг профессионал билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эгадир.
Биз давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук
ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Масалан, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш, уларнинг ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилади.
Халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр – мингни” деган мақолида чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан, Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.
Айни вақтда шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Шу мақсадда ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ушбу соҳадаги қадрият ва анъаналаримизни тарғиб этиш, аскар ва офицерларимизнинг замон қаҳрамонлари сифатидаги қиёфасини бадиий асарлар, спектакль ва фильмлар орқали кенг ёритиб бериш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада таниқли олимлар, адиб ва шоирларимиз, ижодкор зиёлилар, маданият намояндалари янада самарали фаолият олиб борадилар, деб ишонч билдираман.
Қадрли юртдошлар!
Мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
Сизларни ота-оналарингиз, оилаларингиз, бутун халқимиз билан биргаликда кенг нишонлаётган бугунги шону шараф айёми – Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор табриклар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Барчангизга эл-юртимизнинг юксак меҳри ва ишончи доимо ёр бўлсин!
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони