Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов том маънодаги ватанпарвар инсон ва буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи Ислом Каримовни Туркманистонда ёшу қари чин дилдан ҳурмат қилишини таъкидлади.
Мамлакатимизнинг биринчи раҳбарига ҳурмат кўрсатган ҳолда Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари, Беларусь, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистон, Россия бош вазирлари, Хитой, Жанубий Корея, Украина, Туркия бош вазири ўринбосарлари, Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири, БАА Давлат вазири ва бир қатор халқаро ташкилот вакиллари дафн маросимига ташриф буюришди.
Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан видолашув маросими бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда сўзга чиққан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов том маънодаги ватанпарвар инсон ва буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи Ислом Каримовнинг барча ташаббуслари халқаро майдонда қўллаб-қувватланганини, Туркманистонда ёшу қари у кишини чин дилдан ҳурмат қилишини таъкидлади. Ислом Каримов Туркманистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини изчил ривожлантиришга катта ҳисса қўшганини қайд этиб, Туркманистонда майдон ва кўчаларга Ислом Каримов номи берилишини маълум қилди.
Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги алоқалар доимо дўстона руҳда бўлган. Азалий қўшни ва қардош бўлган ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги муносабатлар мустақиллик йилларида янгича мазмун касб этди. Бугун Ўзбекистон-Туркманистон алоқалари 2007-йилда имзоланган “Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги” давлатлараро шартнома асосида изчил тараққий этмоқда.