Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажумасида ҳам бўлиб, буюк аждодимиз қабрини зиёрат қилишди.
Туркиялик журналистлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган ўзаро келишувга асосан Ўзбекистонга келди.
Туркия оммавий ахборот воситалари ходимлари Бухоронинг дунёга машҳур тарихий-меъморий ёдгорликлари сирасига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон, Пойи Калон ҳамда Лаби ҳовуз мажмуалари, Исмоил Сомоний ва бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
– Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, айниқса, Бухоро ҳақида кўп ўқиганмиз, эшитганмиз, – дейди “Янги Бирлик” газетаси мухбири Муса Али ўғли. – Бу ерга келиш кўпчилигимизнинг орзуимиз эди. Мана, қадим шаҳардамиз. Ёдгорликлари, меҳмондўст одамлари, умуман, барчаси ҳайратланарли.
ЎзАнинг хабарига кўра, Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажумасида ҳам бўлиб, буюк аждодимиз қабрини зиёрат қилди. Ушбу масканни обод этиш ва уни табаррук зиёратгоҳга айлантириш борасида амалга оширилган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
– Туркияда Нақшбандия тариқати, унинг эзгу ғоясини яхши билишади, – дейди “INA” ахборот агентлиги мухбири Меҳмет Умер Қилич. – Биз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазаратлари қабрини зиёрат қилдик. Бундай муқаддас қадамжолар киши руҳини енгил қилади, инсонни эзгу ишларга ундайди. Мен Бухорога яна келиш, бу қутлуғ заминда яшаб ўтган Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Моҳитобон, Муҳаммад Бобои Самосий, Саид Амир Кулол каби Нақшбанд бобомизнинг устозлари қабрларини зиёрат қилишни кўнглимга тугдим.