
Тошкент ҳокимига шаҳрининг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарорини тайёрлаш топширилди.
Мазкур фармонга кўра Тошкент шаҳар ҳокими:
2019 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини;
2019 йил 1 декабрга қадар тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси асосида Тошкент шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Шунингдек, Вазирлик ва идоралар Тошкент шаҳар ҳокими девонига Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашади, ўз ваколатлари доирасида ушбу ҳужжатларнинг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши учун зарур бўлган материаллар билан таъминлайди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқлангунга ва пойтахтни архитектура жиҳатидан ривожлантиришнинг истиқболлари аниқ белгилангунга қадар:
Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишларни олиб бориш тақиқланади;
Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида янги турар жой массивларини қуришда ижтимоий объектларни комплекс жойлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш мажбурий тартибда назарда тутилади.