Тошкентда ҳайдовчи ва мижоз ўртасидаги жанжал судгача етиб борди. Улар иккиси ҳам даъво аризаси билан туман ИИБга мурожаат қилган.
22 февраль куни, Тошкент шаҳрида Анастасия Ли исмли аёл ва давлат рақами 01 701 TTF бўлган йўналишсиз такси ҳайдовчиси билан бўлган можаро, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБ томонидан кўриб чиқилиб, бугун, 24 февраль куни суд эшитиши бўлиб ўтиши белгиланган эди. Аммо Ли бетоб бўлиб қолгани боис суд эшитуви душанба, 27 февралга қолдирилди.
Гап шундаки, Анастасия Ли 22 февраль куни соат 09:30 да иш жойига етиб бориш учун телефонидаги “My Taxi” мобил иловаси орқали такси буюртма қилади.
“Абдуносир исмли ҳайдовчи, оч сутранг машинада, етиб келди. Ярим йўлни босиб ўтганимизда, Минор метро бекати олдидан кетаётганимизни англаб қолдим ва нега Кичик ҳалқа йўли бўйлаб юрмаганимизни сўрадим”, дейди Ли. Унинг айтишича, ҳайдовчи бу эътирозларга миллатчилик руҳида жавоб қайтариб, қуйидаги сўзларни айтган:
“Ҳамма корейслар ўзи инжиқ. Шу йўл билан тезроқ етиб оламиз, мен кўчада қандай ҳаракатланишни биламан. Сен, яхшиси, ўз ўрнингни бил. Сиз, корейслар, ўзингларни жуда олифта тутасиз, кўп нарсани биламан, деб ўйлайсиз”.
Бу суҳбатдан сўнг, такси ҳайдовчиси Абдуносир ўзининг шу ерда туғилиб ўсганини айтиб, корейсларни “келгинди” деб таҳқирлаган. “Ҳамманг, ўз юртинг – Кореяга кет!”, деб қўшимча қилди у”, деб ёзади Анастасия Ли.
Оқибатда, аёл ички ишлар ходимларига ариза билан мурожаат қилган, 23 февраль куни ҳайдовчи ҳам қарши даъво аризаси билан туман ИИБга юзланган экан. “Мени аҳмоқ ўзбек, деди”, деб ёзилган аризада Абдуносир аёлга ўзбеклар меҳрибон халқ эканлиги ва 1949 йил барчага бағрини очганини эслатганини ёзган.
Воқеа тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Абдуллаевич Усурахунов билан боғландик.
“Ҳақиқатан, икки фуқаро ҳам даъво аризаси билан мурожаат этган. Шуниси ойдинки, воқеадан хабардор гувоҳ йўқ, айбловларни исботлаб берувчи аудиоёзув ҳам тақдим этилмаган. Бу иш “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 41-моддасига, яъни ҳақорат қилиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ҳолатига кўра энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда, айбдорга жарима солишга сабаб бўлади”, дейди Шуҳрат Усурахунов.