Йўқ бўлиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғида халок бўлган.
Маълумотга кўра, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида “Куала Лумпур–Тошкент” учиб келган фуқаро Й.Н. божхона назоратидан ўтаётганда божхона декларациясида ўзи билан 4 турдаги 20 дона ёввойи қушлар ҳамда 10 бош бенгал ёввойи ўрмон мушугини олиб келаётганини қайд этади.
Бу шахс ноёб турдаги ҳайвонларни олиб киришда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун нормаларига риоя қилмаган. Давлат экология қўмитаси экспертларининг хулосасига кўра, олиб келинган 2 турдаги 4 дона тўти ҳамда 10 бош бенгал ёввойи ўрмон мушуги болалалари йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар туркумига киради. Шу сабаб, бу турдаги ҳайвонларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда халқаро СIТES рухсатномаси бўлиши керак бўлган.
Бу турдаги рухсатномаси бўлмаган Й.Н.нинг ҳаракати ғайриқонуний, деб топилди. Ғайриқонуний равишда олиб киришга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар олиб қўйилиб Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилди. Аммо ҳайвонларни ташиш қоидаларига риоя этилмагани сабаб ёввойи қушларнинг 2 таси нобуд бўлган. Кейинчалик яна 7 бош бенгал ёввойи ўрмон мушуги болалалари ва 2 турдаги 8 дона ёввойи қушлар ҳам нобуд бўлган.
Халқаро нормаларга кўра, ёввойи ҳайвонларни ташиш учун мўлжалланган контейнерлар муайян талабларга жавоб бериши, ҳар бир қафасга жониворлар 1 донадан жойлаштирилиши, уларда ем ва сувдон, вентиляция тешиклари бўлиши зарур эди.