...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентга мисли кўрилмаган пул бердик, қани натижа? – Президент


13:00, 24.12.2018 Жамият
 13 255

Шунча пул бердик Тошкент шаҳрига, мисли кўрилмаган пул бердик. Қани натижа? Бугунги натижа мени мутлақо қониқтирмайди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларида бўлиб, ташриф сўнггида Тошкент шаҳар фаоллари ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказди.
 
“Бизга ҳакам халқимиз!Маҳалладаги оғир шароити бўлган мактаб, мактабгача таълим, йўллар, ишсиз одамларимиз деган савол ҳар куни бизни қийнаши керак”, деб гап бошлаган давлат  раҳбари.
 
Хабарингиз бор, жорий йилнинг март ойида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланган эди. Бу даврда шаҳар кўриниши ўзгарди, пойтахтда қурилишлар сони ошди, “Toshkent city”даги қурилиш ишлари кун сайин жадаллашмоқда. Буларга қарамай, давлат раҳбари Тошкентда амалга оширилган ишларни салбий баҳолади.
 
“Тошкентда мақтанадиган иш қилганимиз йўқ”, дея сўзида давом этди Президент. У пойтахт инвестиция киритиш бўйича, ҳатто, Андижондан ҳам орқада қолганини айтди.
 
“Биз Тошкентга жуда катта имконият яратяпмиз. Бу салоҳият Тошкентда юқори десак, ҳамма томонлама адолатдан бўлади. Хўш, шу юқори салоҳиятдан биз унумли фойдаланяпмизми, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак. Мен бу саволга йўқ деб жавоб берардим. Тошкент – пойтахтимиз. Пойтахтда ҳамма нарса бўлиши керак. Масалан, Андижоннинг ўзида бир йилда 700 миллионга яқин инвестиция бўлди. 700 миллион!  Биз ҳаммага бир хил топшириқ берамиз, лекин Тошкент шаҳрида бор-йўғи 300 миллионга яқин бўлди, тўғридан тўғри инвестиция.
 
Бозор иқтисодиёти бешавқат, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш керак, инвестиция олиб келиш керак. Муҳит яратиш керак унга. Инвестор ишониши керак унга. Тўғридан тўғри инвестиция қилиш – бу осон иш эмас”.
 
Президент ўтган даврда Тошкент шаҳрини ривожлантиришга жуда йирик миқдорда маблағ ажратилгани, бироқ бу маблағлар ҳали ўзини оқламаганини алоҳида таъкидлади:
 
“Шунча пул бердик Тошкент шаҳрига, мисли кўрилмаган пул бердик. Қани натижа? Бугунги натижа мени мутлақо қониқтирмайди”.
 
Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига келган илк кунларданоқ, мамлакатда инвестицион муҳитни ривожланитириш, хорижий сармоядорларни жалб қилиш, йирик корхоналар ва брендларни Ўзбекистон бозорига олиб кириш ва рақобатни ривожлантириш, хусусан Тошкентни МДҲнинг бизнес марказига айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Давлат раҳбари мазкур масалага тўхталаркан, кўплаб раҳбарлар инвестиция жалб қилишни жиддий олмаётганини айтади.
 
“Тўртта раҳбар, бешта муовин, ҳамма туманларда фақат инвестор билан шуғулланиши керак. Сиз дейиш керак, инвестиция олиб келиш керак. Агар инвестор келса, маҳаллий бюджет тўлса, ҳамма ишни эплай оламиз”, дейди Президент. 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Тошкент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар