Намунавий истироҳат боғи номини олган янги боғ 2017 йилнинг сўнггига қадар қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Таҳририятимизнинг ишончли манбалари етказган маълумотларга қараганда, янги боғ Тошкент шаҳрининг Кичик халқа йўли, Белтепа ва Жарариқ кўчалари ҳудудидаги 10 гектарли майдонда барпо этилади. Янги боғни қуриш ишларига ҳали старт берилмаган бўлса-да, боғнинг умумий кўриниши тасвирланган видео аллақачон интернет орқали оммага тақдим этилди.
“Artifex group” компанияси лойиҳаси асосида барпо этилиши режалаштирилаётган мазкур боғда нафақат аттракционларда учиш, балки замонавий очиқ картингдаги пойгаларда қатнашиш, ёзги ва қишки кинотеатрларда фильм томоша қилиш, махсус ҳордиқ залларида сурат чизиш ёки янги ғоялар устида ишлаш мумкин.
Боғга дуёнинг етти мўжизаси саналган биноларнинг кичик макетларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, боғ куз ва қиш ойларида ҳам ишлашга мўлжалланган. Ҳамюртларимиз қиш ойларида мазкур боғдағи аттракционлардан фойдаланишлари мумкин.
Боғ қурилишидан аввал унинг атрофида тарқалган шов-шувларга қараганда, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларидаги боғларга ўрнатилган аттракционлардан бир қанчаси Ўзбекистонга ҳам олиб келиниб, айнан янги боғга ўрнатилади. Агар мазкур ғоя амалга оширилса, ушбу боғ МДҲ давлатлари орасида энг замонавий аттракционлар ўрнатилган ягона боғ бўлади.
Намунавий истироҳат боғи номини олган янги боғ 2017 йилнинг сўнггига қадар қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.