...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида мерганлар семинари иш бошлади


11:35, 08.09.2017 Спорт
 1 623

Семинарни олиб бориш учун Ҳиндистон ва Норвегиядан халқаро экспертлар таклиф этилган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси билан ҳамкорликда спортнинг ушбу тури мураббийлари учун ўқув-техник семинар бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
 
Мазкур семинар Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ўтказилмоқда.
 
Тошкентдаги “Grand Atlas” меҳмонхонасида ташкил этилаётган семинарни олиб бориш учун Ҳиндистон ва Норвегиядан халқаро экспертлар — Сонал Рамендра ва Лейф Стейнар Ролландлар таклиф этилган.
 
Семинар дастури замонавий босқичда юқори тоифадаги спортчиларни тайёрлаш масаласида назарий машғулотлар билан биргаликда, мураббийларнинг профессионал малакасини халқаро талаблар даражасида ошириш масалаларини ҳам қамраб олади.
 
Ўқув-техник курслари давомида мерганлар ўз назарий билим ва даражаларини ошириш имкониятига эга бўлишади.  Бу, ўз ўрнида, мураббийлар билан ишлаш масаласида янги кўникмаларга эга бўлиш имконияти ҳам дегани.
 
Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ва пойтахтимиз Тошкентдан 40 нафар мураббий мазкур семинарда иштирок этмоқда.
 
Сир эмаски, ўқ отиш спорти Ўзбекистонда оммавийлашиб келаётган спорт турларидан ҳисобланади. Юртимиз Мустақилликка эришгач, сўнгги 26 йил давомида спортчиларимиз бир қатор йирик халқаро турнирлар ва нуфузли мусобақаларда ижобий натижаларга эришиб келмоқдалар.
 
Семинар давомида орттирилган тажриба ва кўникмалар ўқ отиш спортининг мамлакатимизда янада ривожланиши ва ташкил этиладиган мусобақаларнинг савияси ошишига туртки бўлади.
 
Семинарнинг тантанали ёпилиш маросими 2017 йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биносида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
 
Маълумот учун, Миллий олимпия қўмитаси 1997 йилдан бери спорт кадрлари малакасини ошириш йўлида шу каби семинарларни ўтказиб келмоқда. 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!