Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этмоқда.
Ассамблеяда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, спорт оламида йилнинг энг муҳим тадбирларидан ҳисобланган маросимда Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабаҳ, қитъа ва жаҳон спорт федерациялари раҳбарлари қатнашишмоқда.
Ассамблея кун тартибидан бир қатор муҳим масалалар ўрин олган бўлиб, энг аввало, олдинда кутиб турган нуфузли мусобақалар, Индонезиядаги Осиё ўйинлари, Аргентина мезбонлигида ўтадиган III ўсмирлар олимпиадаси ва ниҳоят 2020 йилда Токиода ўтадиган олимпия ўйинларини юқори савияда ташкил этиш, иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш, мусобақалар пайтида холис ҳакамликни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада юқорида номлари санаб ўтилган мусобақалар ташкилий қўмитаси раҳбарларига аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.
Ассамблея давомида Ойбек Қосимов бир қатор Халқаро спорт федерациялар ва ассоциациялар раҳбарлари билан учрашиши, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Халқаро спорт федерация ва ассоциациялари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш кутилмоқда.
Бу учрашувлар ҳақида эса кейинрок батафсил маълумот бериб ўтамиз.