Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида XVIII ёзги Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Бош вазри Абдулла Арипов иштирокида ўтказилди.
Қарорга мувофиқ, олтин медални қўлга киритган 21 спортчининг ҳар бири 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди. Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритган 24 спортчининг ҳар бирига 3 минг АҚШ доллари, бронза медални қўлга киритган 25 спортчининг ҳар бирига эса 2 минг АҚШ доллари пул мукофотлари берилди.
Бундан ташқари, Осиё ўйинларида биринчи ўринни эгаллаган спортчиларнинг мураббийлари 2,5 минг АҚШ доллари, кумуш медаль соҳибларининг мураббийлари 1,5 минг АҚШ доллари ва бронза медалини қўлга киритган спортчиларнинг мураббийлари 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари муносиб иштирок этишган ҳамда 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза, жами 70 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган эдилар.