...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлиги очилади


20:35, 03.11.2017 Спорт
 1 990

Бугун Ойбек Қосимов Халқаро антидопинг агентлиги Бош директорининг ўринбосари Роб Коехлер билан учрашди.

Аввалроқ хабар берганимиздек Чехия пойтахти Прагада бўлиб турган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов Халқаро антидопинг агентлиги (WADA) Бош директорининг ўринбосари Роб Коехлер билан бугун 3 ноябрь куни учрашди.
 
Суҳбат жараёнидаги асосий мавзу Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласи бўлди.  Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Жорий йилнинг 9–10 март кунлари Тошкентга Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Миллий ва минтақавий антидопинг ташкилотлари билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Том Мэй ва ушбу ташкилотлар билан алоқа бўйича менежери Франциско Леонлар ташриф буюришганди.
 
Миллий ва минтақавий антидопинг ташкилотлари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан учрашув ўтказилиб, Ўзбекистонда Миллий антидопинг ташкилотини тузиш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат эди.
 
Сўнгги йилларда Ўзбекистон спортчиларининг халқаро майдонда эришаётган натижалари юксалиб бораётганини ҳисобга олиб ва айниқса сўнгги олимпия ўйинларидаги ўзбек спортчиларининг зафарли юришларидан сўнг Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) Ўзбекистонда ҳам мустақил Миллий антидопинг ташкилотини тузиш ташаббуси билан чиққан, ўз навбатида Миллий Олимпия қўмитаси ушбу ташаббусни қўллаб қувватлаганди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 мартдаги “2020 йили Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва XVI паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш тўғрисида” ПҚ-2821-сон қарорининг Дастурида ҳам ушбу мавзуга алоҳида урғу берилган бўлиб, аниқ ва муайян вазифалар белгилаб қўйилган.
 
Жумладан:
 
  • Спортда допингдан фойдаланишга қарши фаолият олиб бориш бўйича дастурни амалга ошириш;
 
  • Бутунжаҳон допингга қарши агентлигининг (антидопинг) янги қоида ва талабларини тезкор тадбиқ этиш ҳамда узлуксиз мониторингини олиб бориш;
 
  • Допинг-текширув ва биоматериаллар топшириш процедураси ҳақида спортчилар, спорт шифокорларига маълумот ва тавсиялар тақдим этган ҳолда, халқаро тажрибага мувофиқ ўрганишларга асосан, Ўзбекистонда антидопинг онлайн хизмати ва тақиқланган дори-дармонлар тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш;
 
  • Спортда фойдаланиши тақиқланган дори-дармонлар тўғрисида семинарлар ва конференциялар ўтказиш, спортда допингдан фойдаланишга қарши услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш
каби масалалар устувор вазифа сифатида белгиланган.
 
Роб Коехлер Ойбек Қосимов билан бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласида зарур амалий ёрдамларни аямаслиги, керак бўлса Тошкентга экспертлар ва мутахассислардан иборат коммисия юборишини таъкидлаб ўтди.
 
Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби жаноб Коехлерга таклиф этилаётган ёрдам учун миннатдорчилик изхор этиб, Ўзбекистон бу масалада WADA билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтди.
 
Махлумот учун, Ойбек Қосимов бироз вақт аввал Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ва Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА) раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад ал Фаҳад ал-Сабоҳ билан учрашиб бир қанча масалаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар бергандик. 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Миллий антидопинг агентлиги Ойбек Қосимов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!