Ойбек Қосимов Халқаро олимпия қўмитаси президентини Тошкентга расман таклиф қилди.
Унда ассоциацияга аъзо барча — 206 та Миллий олимпия қўмиталари вакиллари, халқаро ва қитъа олимпия қўмиталари раҳбарлари, бутунжаҳон спорт федерациялар ва ассоциациялар мутасаддилари иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмиталари ассоциаццияси (МОҚА) бош ассамблеясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов қатнашмоқда.
Чехияга сафари давомида Ойбек Омиловичнинг бир қатор Халқаро спорт ташкилотлари, федерация ва ассоциациялар раҳбарлари билан учрашуви белгилаб қўйилганди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилганди.
Унда тегишли қўмита ва мутасаддилар олдига вазифалар белгилаб берилган бўлиб, Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилганди.
Айнан шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби МОҚА бош ассамблеяси доирасида халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан учрашув жараёнида жаҳоннинг энг нуфузли спорт ташкилоти раҳбари Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораётганлиги, юртимизда спортга давлат томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканлигини изхор қилди.
Ана шу эътибор натижасида 2012 йили Лондонда бўлиб ўтган XXX ёзги олимпия ўйинларидан сўнг ўзбек спортида кескин юксалиш кўзга ташлангани ва бунинг самараси ўлароқ ўзбекистонлик спортчилар Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинларида ҳар қачонгидан-да муваффақиятли иштирок этиб, бутун дунёни ҳайратга солишганини эслаб ўтди.
Ўз навбатида Ойбек Қосимов Халқаро олимпия қўмитаси президентини Тошкентга расман таклиф қилди. Томас Бах эса бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, 2018 йилги Пьёнгчандаги (Жанубий Корея) қишки Олимпия ўйинлари якунлангач, март ойида Тошкентга ташриф буюришини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Ойбек Қосимов Прагада Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА) раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти шайх Аҳмад ал Фаҳад ал-Сабоҳ билан ҳам учрашди.
Мазкур учрашувда томонлар қитъамизда спорт тараққиёти, Олимпизм ғоялари, Олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш масалаларида фикр алмашишди. Ал-Сабоҳ учрашув жараёнида 2017 йилнинг якунига қадар Тошкентга келишга ваъда берди.
МОҚАнинг бош ассамблеяси бугун ҳам давом этади. Унинг доирасида Ойбек Қосимовнинг ХОҚ қошидаги “Олимпия Бирдамлиги” дастури директори Пере Миро, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти доктор Хулио Сесар Маглионе, Бирлашган кураш дунёси (UWW) президенти Ненад Лалович, Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Томаш Аяйн, Осиё дзюдо иттифоқи президенти Обайд ал Анзи, Кураш халқаро ассоциацияси (IKA) президенти Ҳайдар Фармон, Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (IAAF) президенти Себастьян Коэ, ушбу ташкилот биринчи вице-президенти Сергей Бубка ва бошқа мутасаддилар билан учрашуви режалаштирилган.