Икки мамлакат Президентлари Ўзбекистон – Чехия ҳамкорлиги тарихидаги ушбу сана муносабати билан бир-бирларини қутладилар.
Икки мамлакат Президентлари Ўзбекистон – Чехия ҳамкорлиги тарихидаги ушбу сана муносабати билан бир-бирларини қутладилар.
Чехия Президенти Милош Земаннинг қутловида бундай дейилган:
"Муҳтарам Президент жаноблари, Сизни Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан қутлаш ва ўзаро муносабатлар ривожидан мамнун эканимни билдиришга ижозат бергайсиз.
Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар фаоллашгани ва ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамлангани биз учун жуда муҳимдир. Шу сабабли, менинг Чехия Республикасига ташриф билан келишингизни сўраб юборган таклифимни қабул қилганингиздан ғоят мамнунман. Шунингдек, мен Сизнинг савдо соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётни рағбатлантириш орқали "Ўзбекистон эшикларини очиш йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларингизни юксак қадрлайман. Ўзбекистон Республикаси биз учун муҳим иқтисодий шерикдир.
Сиз ва Сизнинг янги ҳукуматингиз томонидан нафақат иқтисодиётда, балки ташқи сиёсат, адлия, демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида бошланган ислоҳотлар нақадар катта ғайрат-шижоат билан амалга оширилаётгани ҳам таҳсинга сазовор", деб таъкидлаган Президент Милош Земан ўз қутловида.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз қутловида "Ўтган даврда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва англашув анъаналарига асосланган яқин ва самарали ҳамкорлик шакллангани қувонарлидир. Турли соҳалар ва шаклларда очиқ ва амалий мулоқот фаол давом эттирилмоқда, савдо-иқтисодий алоқалар, маданият ва таълим соҳаларида мазмунли алмашинувлар изчил ривожланмоқда", деб алоҳида таъкидлаган.
"Ўзбекистон Чехия билан кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга қатъий интилишини, амалий ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлайман.
Олий даражадаги бўлғуси мулоқотлар Ўзбекистон – Чехия ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш ҳамда уларни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга хизмат қилади", деб ишонч билдирган Мирзиёев.