Келаси ой Дубай шаҳрида футбол бўйича клублар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Халқаро футбол (ФИФА) ташкилотидан келган чақирув хатига кўра, ушбу мусобақада ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигида ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси иш олиб боради.
Эрматовга мусобақа давомида қанот ҳакамлари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар ёрдам беришади.
14 ноябрь куни Камбожанинг Пномпень шаҳрида Осиё Кубоги-2019 саралашидан ўрин олган Камбожа ва Иордания терма жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтади.
Мазкур ўйинни ўзбекистонлик ФИФА рефериси Ильгиз Танташев бошқариб боради. Унга қанотларда Руслан Серазетдинов ва Андрей Цапенко ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам вазифасини Дмитрий Пислегин бажаради.
Шунингдек, 4-8 ноябрь кунлари Қатар давлатида бўлиб ўтадиган U-19 Осиё чемпионати саралаши “С” гуруҳидан ўрин олган учрашувларда яна бир ФИФА рефериси Азиз Асимов қанот ҳаками Ҳусниддин Шодмонов билан биргаликда иш олиб боради.
4-8 ноябрь кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўтказиладиган U-19 Осиё чемпионати саралаши “I” гуруҳидан ўрин олган учрашувларда эса ФИФА рефериси Шерзод Қосимов қанот ҳаками Тимур Гайнуллин билан ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, кеча 2 ноябрь куни Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 25 ноябрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган Осиё чемпионлар лигаси финалининг жавоб баҳсини бошқариши ҳақида хабар бергандик.
Бундан ташқари, Шерзод Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 11 ноябрь куни Қатар ва Чехия терма жамоалари ўртасида Доҳада ўтказиладиган ўртоқлик ўйинига тайинланганди.