Жаҳон футболи тарихидаги энг яхши реферилардан бири саналган Эрматов фаолиятини асло якунламоқчи эмас.
“Бу ҳолат унинг жаҳон футболидаги нуфузига таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, Равшаннинг жаҳон чемпионатидаги ўйинларда ишлаш бўйича рекорди камида тўрт йил сақланиб қолади, агар ундан кўп бўлмаса. Таниқли футбол эксперти Алишер Никимбаев нима сабабдан ўзбекистонлик ҳакам учун мусобақа ниҳоясига етганига аниқлик киритиб ўтди”, дея ёзади МОҚ Матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, Эрматовнинг ёрдамчиларидан бири Абдулҳамидулло Расуловнинг жароҳати мавжуд бўлган. У Россиядаги ҳар икки ўйинда ҳам жароҳат билан ишлаган. Иккинчи ўйиндан сўнг жароҳат ўз таъсирини кўрсата бошлади ва Расулов ўша кундан буён машғулотларда иштирок этгани йўқ. Ҳакамлар қўмитаси унинг соғайиб кетишини кутганди. Бироқ, афсуски у жароҳатдан қутила олгани йўқ.
Демак, Эрматов ҳакамлик борасида юзага келган камчиликлар сабаб эмас, ёрдамчисининг жароҳати сабабли жаҳон чемпионатини давом эттирадиган ҳакамлар рўйхатига киритилмади. Айни пайтда Равшан Эрматов ўз бригадаси билан Москвада. Шунинг учун ҳам FIFAнинг Эрматовга бўлган ишончи йўқолгани ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Шу ўринда бир савол юзага келади. Равшан Эрматов ЖЧни бошқа ёрдамчи ҳакам билан бирга давом эттирса бўлмасмиди? Йўқ. FIFAда бу борада аниқ принцип мавжуд. Майдондаги уч нафар ҳакамнинг бир-бирини тушуниши ғоятда муҳим ҳисобланади. Равшан 2018 йилги Жаҳон чемпионатида бошқа ишлай олмаслигидан бироз ҳафа бўлган бўлсада, унинг кайфияти асло тушкун ҳолатда эмас. Нафақат Осиё, балки жаҳон футболи тарихидаги энг яхши реферилардан бири саналган Эрматов фаолиятини асло якунламоқчи эмас. Зеро Равшан Эрматовда Қатар-2022 да ҳам ишлаш имконияти мавжуд.