...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр! Ёхуд Эрматов ва Уткин атрофидаги воқеалар ҳақида


10:52, 26.06.2018 Спорт
 9 985

Уткин мисолида футбол шарҳловчиси бетараф бўлиши шарт қабилидаги тушунча йўқолиб бораётганинга ишонч ҳосил қилдик.

ЖЧ-2018 гуруҳ босқичи 2-тури доирасидаги Аргентина - Хорватия ўйини кутилганидек, ўта юқори суръат остида, анча асабий руҳда  ўтди. Хорхе Сампаоли шогирдлари тўпни кўпроқ назорат қилиб, комбинацион ҳужумлар ташкил қилган бўлсалар, хорватлар уларни тезкор қарши юришлар билан роса қийнашди.
 
Танаффусга қадар ҳисобдаги тенглик сақланиб турди, иккинчи бўлимда эса бизга ОЧЛ орқали таниш мураббий - Златко Далич шогирдлари Лионель Месси ва унинг шерикларини шунчаки, “тиз чўктиришди”. Йўқ, ҳозир кўпчилик томоша қилган учрашувни атрофлича шарҳламоқчи эмасмиз, албатта. Шунчаки, ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг моҳирона ҳакамлиги ва бу борада юзага келган муносабатларга бирров тўхталиб ўтишни лозим топдик. Етакчи реферимиз бутун баҳс давомида назоратни қўлдан чиқармай, ўйин суръати тушмаслигини таъминлади, дея ёзади “InterFutbol.uz” нашри.
 
Хусусан, кўрсатилган 7 та сариқ карточка қандай асосга эгалигини футболчиларга тушунтириб ҳам берди, вазият тақозосига кўра. Шунга мувофиқ, ҳар икки жамоа вакиллари ҳакамликка нисбатан жиддий эътирозлар билдиришмади. Бироқ ҳаммаси Лионель Месси ва Аргентина термасига мухлислик қилган россиялик шарҳловчи Василий Уткин томонидан айтилган номақбул (нопрофессионал) мулоҳазалардан сўнг бошланди.
 
Уткин мисолида футбол шарҳловчиси бетараф бўлиши шарт қабилидаги тушунча йўқолиб бораётганинга ишонч ҳосил қилдик...
 

 Лавҳа №1. Футбол шарҳловчиси Василий Уткин Twitter ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида Аргентина - Хорватия учрашувини бинойидек бошқарган Равшан Эрматовни ҳақоратлади. У реферининг маълум вазиятда футболчига дарҳол сариқ карточка кўрсатмаганидан норози бўлди.
 
Кейинроқ Уткин ўйламай ёзган фикрини юмшатиш учун яна бир “твит” қолдирди: “Мана, Равшан Эрматов, бўларкан-ку. Ақлни ишлатиш ҳеч қачон кеч эмас. Кечирилди, бинго!!” Учрашувнинг эртаси куни Уткин номақбул фикрларини барча мухлислар ҳам ҳакамларни ҳақорат қилишлари, бу табиий ҳол эканлиги билан изоҳлади.
 
Яъни Эрматовни ҳимоя қилганларга оддий жавоб берди: “Менинг ишқибозлик қилишимга халал берманглар”. Табиийки, мухлислар Уткиннинг нохолис ёндашувига жиддий эътироз билдириб, ундан узр сўрашни талаб қилдилар. Таъкидлаш жоиз, шарҳловчи “Твиттер”да минглаб ҳақоратлар остида қолди ва унга салбий муносабатлар тинимсиз давом этди.
 
Лавҳа № 2. Ўйин давомида Равшан Эрматов шаънига ножоиз сўзлар ишлатган Уткин мухлисларни тўғридан-тўғри эфирга таклиф қилди. Чунончи, у «Твиттер» ижтимоий тармоғидаги жавоб ҳақоратларига чидолмади шекилли.
 
“Ҳурматли ўзбек мухлислари! Сизларнинг ҳақоратларингизни қабул қилиш ва саволларингизга жавоб бериш учун соат 11:40 ёки бир неча дақиқадан сўнг махсус “инста”да жонли эфирга чиқаман. Ура”, деб ёзди Уткин.
 
Лавҳа № 3. “Инстаграм”даги дебат. Василий Уткин “Телеграм” канали орқали мухлисларга мурожаат қилди:
 
- Менинг жонли эфиримга улгурмайдиган, келмайдиган, хоҳламайдиганлар, сабрсизлар учун, шунингдек, эшитишдан кўра, ўқишни қулай билувчилар учун.
 
Мен ... (...), ..., ювиндихонадан топилган, оиламнинг шармандаси, мол, тўнғиз ва ҳоказоман. Ўз ҳақоратингизни “Инстаграм” директи (бошқаруви)га ёзиб қолдиринг, энг яхшисини танлаб, алоҳида эълон қиламан.
 
Ижодкорлардек сўкининг. Мени истаганингизча сўкишга тўла ҳақлисиз. Энг ёмон сўзлар билан. Шундай қиляпсиз ҳам - шарҳловчи ҳакам кабидир. Тахминларим тўғри чиқмаса, доим шундай қилиб келгансиз.
 
Мен аблаҳман, мен... жирканчман, сизлар таърифлаган ҳар нарсаман...
 
Шундай қилишингиз мумкин, қиляпсиз ҳам.
 
Чунки мухлиссиз. Чунки қизиққонсиз. Мен ҳам сиз кабиман. Мен ҳам сиз каби кимнидир ёмонлашим ва сўкишим мумкин, ҳаттоки, энг муносиб инсонларни ҳам.
 
Чин юракдан, ғазабда. Омадни жиловлаш учун ёки шунчаки. Равшан Эрматов ажойиб ҳакам. Ҳакамни сўкмаган мухлиснинг ўзи йўқ. Ҳақоратланманган ҳакам ҳам йўқ. Равшан Эрматов ажойиб ҳакам, аммо у - ҳакам. У билан бошқа ҳакамлар сингари воқеа кузатиляпти.
 
Ўзбек халқи, ўзбек футболи, ўзбек палови ва умуман, Ўзбекистонга ёмонлигим йўқ. Мен ҳам сиз каби мухлислик қилиш, ақлдан озиш ва омадни жиловлашга ҳақлиман. Агар буни тушунмасангиз, мухлис эмассиз. Ёки ўзингизга ташқаридан назар солишни билмайсиз. Яхши ва фойдали ишларни бажаришда Равшан Эрматовга, унинг оиласига, яқинларига, дўстлари ва ватандошларига ўзлари ишонган Аллоҳ ёрдам берсин. 1000 йил яшасин ва ҳеч қачон томоғи оғриб, йўталмасин.
 
Лавҳа № 4. “Мени кечиринг, Равшан ака!”. Уткин якунда “Инстаграм” орқали Равшан Эрматовдан узр сўради. У ўз саҳифасига ҳамюртимиз суратини жойлади ва қуйидагиларни ёзди:
 
1. Равшан Эрматов (чапда) - ажойиб ҳакам.
 
2. Унга, оиласига, дўстларига, дўстларининг дўстларига соғлиқ ва омад тилайман. Улар 1000 йил умр кўришсин ва ҳеч қачон бетоб бўлишмасин.
 
3. Умрида бирор марта ҳакам қароридан норози бўлмаган мухлис топилмаса керак. Мен ҳам мухлисман. Барчамиз бир хилмиз.
 
4. Бу яхши эмас, аммо шу пайтгача шундай бўлиб келган ва бундан кейин ҳам давом этади.
 
5. Мен қандай сўз ишлатган бўлмайин, 2 кун давомида 3 минг марта жавоб қайтарилди. Энди орамиз очиқ. Ёки мен 3 минг кишидан узр сўрашини кутайми?
 
6. Йўқ, кутмайман.
 
7 (омадли рақам): Ўзбекистон, келинг, ярашамиз. Ўзбеклар ажойиб халқ. Мен ҳеч кимнинг миллий ғурурига тегмадим. ҲЕЧ КИМНИНГ.
 
8. Равшан ака, бўлиб ўтган ишларга аҳамият бермадингиз, деган умиддаман. Сиз рекордчи ҳакам экансиз, узоқ йиллар давомида дунёнинг турли тилларида ўз шаънингизга энг ёмон сўзларни эшитишингиз мумкин. Улар сиз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини биласиз.
 
9. Агар менинг сўзларим бошқаларникидан ажралиб турадиган бўлса, мени кечиринг, Равшан ака!
 
10. Тўққизинчи банд етарли.
 
Эрматов қандай ҳакамлигини билармикан Уткин жаноблари?
 
Равшан Эрматов 1977 йил 9 августда таваллуд  топган. 2000 йилдан Ўзбекистон олий лигасида ишлаб келади. 2003 йили ФИФА ҳакамлари рўйхатига киритилган. Эрматов ОФК томонидан 5 марта (2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йиллар) Осиёнинг энг яхши рефериси сифатида эътироф этилган.
 
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2006-2015 йиллар оралиғида кетма-кет 10 марта энг яхши ҳакам мақомига муносиб кўрилган. У 2017 йили фаолияти давомида 5-марта Осиё Чемпионлар Лигаси финалини бошқарди. Бунгача 2007, 2011, 2013 ва 2015 йилларда ҳам ҳал қилувчи ўйинда ишлаганди.
 
2008 ва 2017 йили клублар ўртасидаги ЖЧда ишлагани, 2001 ва 2015 йили Осиё кубоги ўйинларини бошқаргани ҳамда 2012 йили Олимпиада баҳсларида ҳакамлик қилгани ҳам Эрматов фаолиятининг ёрқин саҳифаларидир.
 
Ҳамюртимиз шунингдек, 2013 йилнинг 2 июнь куни Конфедерациялар кубоги доирасидаги Италия - Бразилия учрашувини ҳам бошқарган. Жаҳон чемпионатига кетма-кет 3-марта борганию, мундиалда энг кўп ўйин бошқариш бўйича ўз рекордини янгилаётгани эса алоҳида натижа!
 
Эрматовни финалда кўрамизми?
 
- Сўнгги 10 йилда Осиёда ҳакамлик анча ривожланди. Бунинг учун аввало, ОФК Ҳакамлар қўмитасига миннатдорчилик билдириш лозим. Қўмита аъзолари бизни вақтида техник материаллар билан таъминлаб келишди. ОФКда энг савияли инструкторлар ишлашади, улар семинарларни ажойиб тарзда ўтказишади.
 
Барча ҳаракатлар осиёлик ҳакамлар нуфузини оширишга қаратилган. Бизда ҳали амалга ошмаган режалар бор ва ўз олдимизга қўйган вазифамизни тугатганимиз йўқ. Ниятим - ЖЧ финалини осиёлик ҳакамлар бошқаришларини кўриш. Ўзимми ёки бошқами - фарқи йўқ.
 
Шундай кун келишини орзиқиб кутаман. Ёшлигимда телевизор ор-қали ЖЧ ўйинларини томоша қилганимда, фақат футболчиларга қараб қолмай, ҳакамлар ҳаракатини ҳам диққат билан кузатардим.
 
Аввалги 2та мундиал мен учун катта дарс бўлди. Эндиликда шуни ҳис қиляпманки, ЖЧ ўйинларини бошқараётганимизда, ёш ҳакамлар бизга бошқача қарайдилар, ўрнак олишга ҳаракат қиладилар. Мен учун барчанинг диққат марказида бўлиш оддий гап эмас, бу жуда катта масъулият ва албатта, бошқаларга ибрат бўлишга ҳаракат қиламан.
Равшан Эрматов.
 
ЭРМАТОВНИНГ ЖЧДА БОШҚАРГАН ЎЙИНЛАРИ
 
Ҳамюртимиз бригадаси кеча тунда ЖЧ гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган Испания - Марокаш ўйинини бошқарди. Буниси Эрматов учун ЖЧ ҳисобидан 11-учрашув бўлди. Шу тариқа футболимиз фахри ЖЧга боғлиқ статистикасини яна 1 та ўйинга бойитиб, бу борада ўзи ўрнатган рекордни янгилади. ЖЧдаги дебютини 2010 йили нишонлаган Эрматов ЖАР мундиалида ишлаган энг ёш рефери бўлганди. Шунга қарамай, ФИФА унга тўлиқ ишонч билдириб, 5та учрашувни топширганди. Муҳими, лайнсменлар - қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ва Рафаэль Ильясов ёрдамига таяниб ишлаган ҳамюртимиз жиддий хатоларга йўл қўймай, барча ўйинларни юқори савияда бошқарганди.
 
Эрматов ЖЧ-2014да Аргентина термаси иштирокидаги баҳсларга қўйилмади, хорватларнинг эса гуруҳ босқичида Мексика термасига қарши баҳсини бошқарди. Ўшанда европаликлар 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрашган. ЖЧ-2014да Эрматовга қанотларда яна Баҳодир Қўчқоров ва Абдулҳамид Расулов ёрдам беришганди.
 
Эрматов бошқарган ўйинлар сариқ карточкасиз ўтмаган. Жорий ЖЧда у бошқарган ўйин энг қўпол учрашувлар рейтингида 2-ўринда турибди.

Теглар:Равшан Эрматов Василий Уткин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!