...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти эътирозларга жавоб қайтарди


10:29, 28.11.2016 Жамият
 3 147

Ҳайвонот боғида эндиликда турли озуқа маҳсулотлари ва болалар ўйинчоқлари сотилиши тақиқланди.

Аввалроқ, Тошкент ҳайвонот боғида тимсоҳлардан бири нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эдик. Тимсоҳ болалар ўйинчоғини ютиб юборгани сабаб ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Бунда эса ташриф буюрувчилар ҳам айбдор экани айтилгач, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан турли фикрлар билдирилди.
 
Хусусан, аксарият фуқаролар бундай ҳолатга аслида ҳайвонот боғи ходимларининг бефарқлиги сабаб бўлганини таъкидлашди. Бундан ташқари, ҳайвонот боғидаги шароитлар ҳам қониқарли эмаслиги, жонзотлар жуда нимжонлиги айтилди. Бундай фикрлардан сўнг биз ҳайвонот боғи маъмумрияти билан боғланишга ҳаракат қилгандик, аммо уринишларимиз бесамар кетди.
 
Бир неча кун аввал Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти расмий сайт орқали баённома берди. Хабарда боғдаги барча жониворлар емиши зарур витамин ва минераллар билан бойитилган қўшимчалар билан таъминлангани таъкидланган.
 
Ушбу баённомани тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз:
 
“Ташвишланишга ҳожат йўқ, бизнинг жонзотларимизга барча зарур маҳсулотлар, витамин ва минерал қўшимчалар, бундан ташқари, айрим жониворларга халқаро рацион асосида ишлаб чиқилган махсус турдаги емишлар тайёрлаб берилади.
 
Биз ташриф буюрувчиларнинг ғамхўрлигидан хурсандмиз. Аммо ҳайвонларга баъзи маҳсулотлар, хусусан, ширинликлар, чипс, бодроқ, қуритилган нон ёки булочкалар бериш умуман мумкин эмас.
 
Масалан, жуда ҳам “ғамхўр” бўлган меҳмонлардан бири ҳайвонот боғига сабзавотлар чиқиндиларини, жумладан, пиёз пўстини ҳам олиб келган. Бундан ташқари, бундай “емиш” ичида колбаса пўстлоғи ва полиэтилин пакет қолдиқлари бўлган.
 
Ҳайвонот боғи ҳудудида ўрнатилган огоҳлантиришлар, маъмуриятнинг бир неча бор қилган мурожаатлари ва илтимосларига қарамасдан, жониворларни турли маҳсулотлар билан озиқлантириш ҳолатлари давом этмоқда.
 
Шу муносабат билан Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти боғ ҳудудида полиэтилин пакетларда озиқ-овқат маҳсулотлари, бир марталик идишлар, шунингдек, яқинда бир жониворнинг ўлимига сабаб бўлган болалар ўйинчоқларини сотишни тақиқлашга қарор қилди.
 
Азиз ташриф буюрувчилар, илтимос, жониворларни асранг”.
 
Тошкент ҳайвонот боғининг бундай қарор чиқаришига тимсоҳнинг нобуд бўлиши каби салбий оқибат туртки бўлган бўлса, ажаб эмас. Аммо ҳайвонот боғида тижорат мақсадида фаолият олиб бораётган кичик тадбиркорлар анча йиллардан бери кўп сонли ташриф буюрувчиларнинг норозиликларига сабаб бўлаётган эди. Энди эса уларнинг фаолиятига расман чек қўйилгани хабар қилинди. Бу боғ меҳмонларига енгиллик ва қулайлик яратишига умид қиламиз.
Дурдона Расулова

Теглар:Тошкент Ҳайвонот боғи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар