Вилоят ҳокими вазиятга очиқ кўз билан қараб, аниқланган камчиликлар ҳақида гапирар экан, қишлоқ врачлик пунктлари мудиралари ҳудуддаги беморлар тўғрисида маълумотга эга эмаслигини айтди.
Бундан роппа-роса бир ой аввал, 5 январь куни Шавкат Мирзиёев соғлиқ сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашувда тиббиётнинг олдида турган бир қатор муаммоларни ўртага ташлаб, камчиликларни санаб ўтган эди. Вазиятга танқидий баҳо берган Президент Шавкат Мирзиёев навбатдаги йиғилишда эътиборини бир ой ичида амалга оширилган ишларга қаратар экан, натижани қониқарсиз деб баҳолади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов, вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, вазир ўринбосари Э.Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент бошлиғи З.Дўсанов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов, Тошкент шаҳри, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Жиззах вилоятлари ҳамда Бекобод, Олтиариқ, Вобкент туманлари ҳокимларининг ахборотлари тингланди.
2016 йилнинг 15 декабрь куни Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тайинланган Шукурулло Бобоев сўзга чиқар экан, Шавкат Мирзиёевнинг куюниб гапиришида жон борлиги, Тошкент вилоятида ҳам вазият яхши эмаслигини айтади.
“Ўзим ҳам кўп жойларда бўлдим. Қишлоқ врачлик пунктларининг мудиралари билимга эгадир, лекин эскича ёндашиш, бугунги кун талабларини тушунмаслиги фаолиятига энг катта салбий таъсир кўрсатяпти”, деб гап бошлади Бобоев.
Вилоят ҳокими вазиятга очиқ кўз билан қараб, аниқланган камчиликлар ҳақида гапирар экан, қишлоқ врачлик пунктлари мудиралари ҳудуддаги беморлар тўғрисида маълумотга эга эмаслигини айтди.
“Бирорта врачлик пунктларида тўлиқ маълумот йўқ. Айтайлик 15 минг оилага хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пункти бўлса, қайси оилада саратон, қайси оилада сил, яна қайси оилада ногирон болалар бор – аниқ маълумотларни бирорта врачлик пунктида кўрмадим.
Аниқ замонавий тизим, компьютер орқали тўлиқ маълумотларга эга бўлиш тизими бизда яратилмаган. Ваҳоланки, битта тугмани босиш билан қишлоқ врачлик пунктининг мудираси энг оғир оилалар ҳақида маълумотга эга бўлиши керак.
Шукурулло Бобоевнинг фикрича, қишлоқ врачлик пунктлари мудиралари ҳар куни тонгда ўзига тегишли ҳудуддаги беморларнинг хонадонларига қўнғироқ қилиб, уларнинг ҳолидан хабар олса, зарур бўлса, шифокорларни жўнатса, халқ тиббиётдан ҳам, ҳукуматдан ҳам рози бўлади”.
Йиғилишда давлат раҳбари дори-дармон воситалари ноқонуний равишда баланд нархда сотилишига йўл қўймаслик, халқ манфаатларини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментда “Ишонч телефонлари” ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Бу телефон рақамлари ҳар бир дорихонага осиб қўйилади, телевидение орқали кўрсатилади.