Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирилди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизликнинг ҳар қандай кўринишларига мутлақо чек қўйиш эътиборда эканини таъкидлади.
Шу мақсаддда тергов изоляторлари ва терговчилар хонасида сўроқ жараёнини стенография қилиш, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари жорий этилган. Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида 19,5 мингдан зиёд жиноят иши тергов қилиниб, уларнинг 13 мингга яқини бўйича тергов ҳаракатлар тугатилди ва судга тақдим этилди. Бу борадаги кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 3,5 фоизга яхшиланди.
Терговчиларнинг жиноятга алоқадор шахслардан гумонланувчиларни аниқлаш ишлари яхшилангани боис фош этилмасдан қолган жиноятлар сони 1,5 мингдан зиёдни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 59,3 фоизга камайишига эришилди.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, “Telegram” ижтимоий тармоғида @PassportInfoUz боти ишга туширилди. Бу ердан зарур ҳужжатлар рўйхатини олиш имкони мавжуд.
Бундан ташқари dpm.uz янгиланган веб-сайти орқали биометрик ҳужжат олиш учун электрон навбатга қўйиш, ҳужжатларни олиш учун давлат божини “CLICK” электрон тизими орқали тўлаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврда Президент фармонига асосан 381 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида доимий яшаш рўйхатга олиниши лозим бўлган фуқароларнинг қарийб 15,5 минг нафари рўйхатга олинди.
Ҳисобот даврида жами 4 минг 344жиноят патруль-пост нарядлари томонидан фош этилди, 331 жиноятнинг олди олинди, 467 нафар жиноят содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахслар аниқланди.
Ҳисобот даврида хизмат итлари ёрдамида жами 1 минг 625 жиноят фош этилиб, 83,2 кг турли хилдаги гиёҳванд моддалар, 20 дона ўқотар қуроллар, 87 дона ўқ-дорилар аниқлаб, олинди.
Бунинг натижасида республика миқёсида жамоат жойларида содир этилган жиноятлар сони 409 тага, кўчаларда содир этилган жиноятлар сони 282 тага камайишига эришилди.