...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент шаҳар ҳокимлиги: Энди муаммоларни юқори талаб ва масъулият билан бажарамиз


19:32, 07.06.2018 Жамият
 3 894

Тошкент ҳаётини ўрганиш ишларининг хулосаси яхши инсонлар кўмагига муҳтож бўлган ўнлаб оилалар борлигини кўрсатди.

Кеча, 6 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жахонгир Ортиқхўжаев олиб борган тадбирда 11 та туман прокурорлари, Ички ишлар бошқармалари раҳбарлари ва бошқармаларнинг мутасадди вакиллари иштирок этди.
 
Маълумки, 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишиб, у ердаги камчиликлар бўйича эътирозларини билдириб ўтган эди. Шу муносабат билан ташкил этилган йиғилишда Тошкентда амалга оширилган ва олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Асосан болалар уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган, ногирон ва уй-жойга эҳтиёжи катта бўлган аҳоли қатлами билан ишлаш механизми қониқарсиз деб баҳоланди.
 
Таъкидлаш керакки, бугунга қадар Тошкент шаҳри туманларида аҳоли мурожаатларини эшитиш ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда бир қанча оқсоқликлар сезилаёттган эди, бунинг оқибатида эътиборсиз қолдирилган ҳудудлардаги аҳоли дардини кимга айтишни ва қаердан ёрдам олишни билмай қолганди. Аммо, Тошкентда бу масалани ечишга қодир бўлган катта жамоа ва бирдам куч пайдо бўлди.
 


Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими, туман ҳокимлари ва бошқа масъуллар бу каби камчиликларни тез фурсатда бартараф қилиб, кейинчалик бундай писандсизликка йўл қўймаслик борасида аниқ мақсадларни белгилаб олдилар. Ҳокимликлар бюрократик идора эмас, халқ билан очиқ мулоқот ўтказадиган, аҳоли манфаати йўлида ҳаракат қиладиган муассаса бўлиши лозимлигини қайд этиб, халқни рози қилиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишларини маълум қилинди.
 
Ҳар бир раҳбар ўз масулиятни хис қилган ҳолда иш кўришга, пойтахтнинг ҳар бир тармоқ бўйича ривожланишида ситқидилдан ҳаракат қилишига, аҳолининг турмуш даражасини оширишда масъул эканликлари таъкидланди ва улар эндиликда бу борадаги ишларни юқори талабчанлик ва масъулият билан бажаришларини билдириб ўтдилар.
 
“Яқин кунларда Тошкент ҳаётини ўрганиш ишларининг хулосаси мутасаддилар эътибори, яхши инсонлар кўмагига муҳтож бўлган ўнлаб оилалар борлигини кўрсатди. Улар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Йиллар давомида йиғилган муаммолар, дарду аламлар инсонларнинг руҳий ҳолати, саломатлиги, турмуш тарзига шу қадар салбий таъсир этганки, кўрган кишининг юраги увушади, ачиниш ҳиссини туяди. Энг асосийси уларни қийнаётган муаммо ечим топмас масала эмас. Аксариятини турар жой етишмаслиги ҳамда уй жойидаги шароитлар талаб даражасида эмаслиги каби муаммолар қийнайди. Сўнгги йилларда бу борада хайрли ишлар қилинмоқда.
 
Айнан кам таъминланган, муҳтож оилалар учун уй жойлар қуриб берилаяпти. Ёш оилаларга арзон турар жойлар тақдим қилиняпти. Шу маънода айни кунда бу масалада қийналаётган оилалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Биз уруш    йилларида ўзи қийналиб кун кечирсада, бир бурда нонини бир қанча миллат ва   элатлар билан баҳам кўрган, бошпанасидан уйсизларга жой берган халқмиз. Наҳот ўзимизнинг ночорларни қаровсиз қолдирсак. Орамизда кам таъминланган кишилар бўлгани билан ўзига тўқ ва атрофдагиларга ёрдам берадиганлар кўп. Хайрия ишларини одатга айлантирганлар, савобдан кўнгли ёришадиган ҳам талай.
 
Шу маънода ҳокимлик ва шундай бағрикенг, саҳоватпеша инсонлар кўмаги ила ёрдамга муҳтож оилаларнинг барчасига кириб борилади. Оилавий аҳволи, турмуш шароити, оила аъзоларини саломатлиги ўрганилади. Аниқланган кам кўстлар таҳлил қилиниб, эҳтиёжманд кишиларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва бошқа мутасаддилар бундан буёғига ҳар бир инсонга меҳр ва эътибор билан деган шиорга амал қилган ҳолда иш кўради. Аҳолининг мурожаатини кутиб ўтирмай, жойларга чиқиб аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи, муаммоларини ўрганади. Керак бўлса, уй жой масаласидан ташқари банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича чоралар кўрилади. Аммо, шу ўринда мавжуд муаммоларнинг бир жиҳати айрим аҳоли қатламининг боқиманда кайфияти билан боғлиқ деган фикрни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас. Ризқ ва барака ҳаракатда деган ҳадисни ҳам унутмаслик керак.
 
Шу маънода яхши яшаш, бахтга эриш учун инсонларнинг ўзи ҳам ақлли, илми, салоҳияти бошқа имкониятларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилсалар, ҳаётлари ўз ўзидан яхшиланиши шубҳасиз. Шу ўринда японларнинг бир нақлини эслаб ўтишни жоиз деб топдик. “Сен фарзандинга балиқ ейишни эмас, уни тутишни ўргат. Шунда у умри давомида ўз ризқини топади”. Ҳамма бахтли яшашга ҳақли экан, демак бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши чўзилаётган ёрдам қўлини маҳкам тутиб, қийинчиликлардан ўтиб олгач, ҳаётда илдам бориши керак. Мутасаддилар халқни рози қилишни мақсад қилишган ва шу йўлда ҳаракат қилишга киришишган экан, аҳоли ҳам уларнинг саъйи ҳаракатларига хойрихоҳ бўлган ҳолда эзгу мақсадлар йўлида бирлашсин. Муаммоларни биргаликда хал этсин. Куч бирлик, жипслик ва аҳилликда. Шундай экан инсон манфаатлари йўлида бирдам ҳаракатга киришайлик”, дея мурожаат йўллаган Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
 
Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жахонгир Ортиқхўжаев Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси, 38-уйда жойлашган ётоқхонага бориб, у ердаги етим болалар аҳволи билан танишиш натижасида уларни 45 кун давомида янги уйларга кўчиришга ваъда берганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Тошкент Жахонгир Ортиқхўжаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар