Пенсионерларнинг метродан бепул фойдаланиши учун чегараланган соатлар улар учун ноқулайликлар туғдираётгани ҳам бор гап. Айниқса, тонгда!
Тўғри, мазкур қарор пенсионерлар учун кутилмаган янгилик бўлди. Улар бир йил ичида қанча маблағини тежаб қолганини айтмайсизми... Бироқ пенсионерларнинг метродан бепул фойдаланиши учун чегараланган соатлар улар учун ноқулайликлар туғдираётгани ҳам бор гап. Айниқса, тонгда!
Журналист Шунқор Чориев ўзи бир неча бор гувоҳ бўлган ҳолат ҳақида ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида шундай ёзади:
“Ҳар куни метрода ғалати манзарага кўзим тушади. Бир тўп кекса, нуронийлар турнақатор бўлиб соат 10:00 бўлишини кутади. Сабаби ҳаммага аён. Давлат томонидан кексаларга метрода текин юриш имтиёзи жорий қилинган. Соат 10:00 дан 16:00 га қадар. Бу имкониятни тадбиқ этганларнинг отасига раҳмат!
Табиатига кўра кексалар саҳар уйғонади. Чошгоҳ қилиб уйғонган кексани кўрмаганман. Назаримда, вақт чегарасини олиб ташлаган маъқул. Мунғайибгина нозирнинг ишорасини кутаётган нуронийларни кўриб шундай ўй кечди-да. Янаям билмадим...”
Бизнингча, журналист Шунқор Чориевнинг айтганларида жон бор. Метродан фойдаланаётган кексалар, пенсионерлар ким? Уларнинг бири – шифокор, иккинчиси – мактаб ё институтда ўқитувчи, борингки, давлат ва жамоат ташкилотларининг ходими. Ишдан 16:00 гача чиқмаслиги кундек равшан, лоақал ишга эрта борсин. Тошкент шаҳар ҳокимияти мазкур масалани яна бир бор ўйлаб кўрса, ёмон бўлмасди. Ҳар ҳолда ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар – инсон ва унинг манфаатлари учун бўлмоғи лозим.