Тошкент шаҳар ҳокимияти фуқаро Муқаддас Ҳайдарованинг мурожаатини ўрганиб, аёл яшаётган уйдаги мавжуд муаммони бартараф этди ва хатда келтирилган айрим далилсиз фикрларни чоп этгани учун “Озодлик”ка раддия берди.
“Мен яшаб келаётган уйим ичида алоҳида хонада тепамдаги 9 қаватни свет билан таъминлаб турадиган 380 волтли “электр шчит” турибди. Шу “электрощит”ни деб мен уйни хусусийлаштира олмаяпман.
Уни бошқа жойга кўчириб беришларини илтимос қилдим. шчит техник хавфсизлигига жавоб бермайди, эшиги йўқ, очиқ ҳолда турибди. Бу мен ва фарзандларим ҳаётига хавфли эмасми? Шу масалада Яшнобод ҳокимига мурожаат қилдим, лекин ҳеч қандай фойда бўлмади. Кейин шаҳар ҳокими қабулларига кирдим. Шаҳар ҳокими, менинг дардимни ва гапларимни эшитишни ҳам хоҳламасдан, қарор чиқардилар.
Мен умид билан боргандим, улар эса, менга ёрдам бериш ўрнига, менга қарши қарор қабул қилдилар. Мен йиғлаб, Худонинг зорини қилиб ялиндим, бироқ эътибор ҳам бермадилар. Уйимнинг ярмини олиб қўйишмоқчи. Менинг уч нафар ёш фарзандим бор”.
Тошкент шаҳар ҳокимияти ушбу мурожаатни ўрганиб, аёл яшаётган уйдаги мавжуд муаммони бартараф этди ва хатда келтирилган айрим далилсиз фикрларни чоп этгани учун “Озодлик”ка раддия берди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Яшнобод тумани, Авиасозлар 2-даҳаси, 37 уй, яъни собиқ Авиасозлар бирлашмасининг 22-сонли тўққиз қаватли ётоқхонасининг 103-хонасида оиласи билан истиқомат қилаётган Муқаддас Ҳайдарованинг муаммосини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижасида хонадон эгаси Муқаддас Ҳайдарова оиласи билан 2015 йилнинг 2 февралидан буён шу жойда истиқомат қилиб келиши маълум бўлди.
Фуқаро мурожаатида билдирилган салбий ҳолатлар, жумладан Ҳайдарова эгаллаб турган хонага туташ бўлган “шчит”хона бутун бинони электр қуввати билан таъминловчи “шчит” ҳисобланади. Унинг алоҳида ёпиқ кичик хонада бўлиши бино лойиҳасида белгиланган. Масала жойга чиқиб ўрганилганда, “шчит”хона эшиги йўқлиги ҳамда қаровсиз аҳволда эканлиги ўз тасдиғини топган. Ҳокимиятдан маълум қилишларича, мутахассислар томонидан ушбу салбий ҳолат тезда бартараф этилди. “Шчит”хонанинг ташқи кўриниши тўлиқ тартибга келтирилиб, унинг кириш қисмига қулфли эшик ўрнатилган.
Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтида чоп этилган мақолада “Озодлик”ка нисбатан қуйидаги фикрлар ёзилади.
“Фуқаронинг шаҳар ҳокими қарори билан уйнинг ярми олиб қўйилмоқчи деган даъволари мантиққа зид. Чунки, бу каби қарор умуман қабул қилинмаган, қабул қилиниши ҳам мумкин эмас. Аксинча, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги “Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарорига асосан фуқароларга 2018 йил 1 июлигача уй-жойларни хусусийлаштириш имконияти берилгани тушинтирилган. Бунга ётоқхоналарда доимий яшаб келаётган фуқаролар тоифаси ҳам киради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Озодлик” мурожаатлар ичига чуқурроқ кириб, билдирилган эътирозлар ҳаққонийлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан сўнг эълон қилинишини мақсадга мувофиқ деб биламиз”.