...
МЕНЮ
ONLINE TV

Энди МФЙларнинг фаолияти рейтинг асосида баҳоланиб, рағбатлантириб борилади


11:31, 26.11.2018 Жамият
 1 710

Ишчи гуруҳ таркиби Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.

Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ва натижаларига кўра моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига асосан маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ва натижаларига кўра моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.
 
Унга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ҳар йили, йилига бир марта ўтказилади.
 
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш натижасида энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини аниқланади ва шу маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаоллари моддий рағбатлантирилади.
 
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш учун ҳар йили 20 декабрга қадар туманда Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтингини баҳолаш бўйича ишчи гуруҳ (бундан буён матнда ишчи гуруҳ деб юритилади) тузилади.
 
Ишчи гуруҳ таркиби Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.
 
Ишчи гуруҳ 1 февралга қадар тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинига чиқиб, амалга оширилган ишларни ўрганади ва мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш мезонлари (кейинги ўринларда мезонлар деб юритилади) асосида баҳолайди.
 
Бунда ишчи гуруҳ тегишли маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилган ишларни тақдим этиладиган маълумотлар асосида баҳолайди. Мезонларни баҳолашда маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли сони, жойлашуви инобатга олинади.
 
Зарур ҳолларда ишчи гуруҳ томонидан тегишли ташкилотлардан маҳалла фуқаролар йиғини бўйича керакли маълумотларни сўровномалар бериш орқали олиши мумкин.
 
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти мезонларда кўрсатилган ҳар бир индикатор бўйича баҳоланиши шарт.
 
Рейтингда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти нисбатан “аъло”, “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб баҳоланади.
 
Бунда тўпланган баллардан келиб чиқиб ҳисоблаганда:
 
  • 85,0–100 балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “аъло”;
 
  • 71,0–84,9 балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “яхши”;
 
  • 50,0–70,9 балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “қониқарли”;
 
  • 49,9 балл ва ундан кам балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти “қониқарсиз” деб баҳоланади.
 
Рейтингда 85,0 балл ва ундан юқори балл тўплаган маҳалла фуқаролар йиғини “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилади.
 
Баҳолаш якунлари бўйича “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаолларинини мукофотлаш масаласини кўриб чиқиш ҳақида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши томонидан 10 февралга қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда туман ҳокимлигига тавсиянома киритилади.
 
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши ва туман ҳокимлиги “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаолларини 15 февралга қадар рағбатлантириш чораларини кўради.
 
Бунда “Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини ходимларининг (йиғин раиси, масъул котиб, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари) ҳамда фаолларининг (фуқаролар йиғин раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раислари) ҳар бирига:
 
а) тегишли туман ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида пул маблағлари ажратилади;
 
б) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши томонидан республика санаторийларида даволанишлари учун бир маротабалик бепул йўлланма берилади.
 
“Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғинини рағбатлантириш мақсадида бошқа қимматбаҳо совғалар берилиши мумкин.
 
“Намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деб топилган маҳалла фуқаролар йиғини хизмат биносининг пешлавҳасига тегишли йилни кўрсатган ҳолда “____ йилнинг намунали маҳалла фуқаролар йиғини” деган ёзув жойлаштирилади.
 
Фаолияти “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб баҳоланган маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаолларининг иши самарадорлигини ошириш бўйича Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланади.
 
Маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаолиятини баҳолашнинг холислиги, тўғрилиги ва қонунийлиги учун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар ва тегишли туман кенгашининг раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари масъул ҳисобланади.
 
Мазкур Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Теглар:Намунали маҳалла фуқаролар йиғини Тошкент шаҳар ҳокими қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар