25 та йўналиш бўйича ҳисоботлар тингланганда энг ёмон кўрсаткич Яшнобод туманида экани қайд этилди.
Хусусан, кўп қаватли уйлар томини умумий таъмирлаш, кўп қаватли уйларни жорий ва подъезд олди йўлакларни таъмирлаш, кўп қаватли уйлардаги хизмат кўрсатувчи лифтлар иш ҳолатини янада ривожлантириш, уйларнинг ташқи тарафи, ерости коммуникация ва болалар майдончаларини таъмирлаш ишлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, коммунал тўловлар, ноқонуний қурилмаларни бузиш масалалари ҳам алоҳида таъкидланди.
Ҳоким ўз сўзида таъкидлаганидек, 4 май куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида Юнусобод тумани ҳудуди текширилганида бир нечта ноқонуний қурилмалар борлиги аниқланди. Мазкур қурилма эгалари чақирилганда аслида бу бинолар ҳукумат, давлат раҳбарлари ва юқори мансабдорларга тегишли экани ойдинлашди. Раҳмонбек Усмонов туман ҳокимларига ўз ҳудудидаги, мансаби ва лавозимидан қатъи назар, ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлашга кўрсатма берди.
25 та йўналиш бўйича ҳисоботлар тингланганда энг ёмон кўрсаткич Яшнобод туманида экани қайд этилди. Бундан ташқари, туманлар кўрсаткичлари ҳар хиллиги, шундан келиб чиқиб, иш бир хил ташкиллаштирилмагани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилнинг 8 майидан бошлаб ҳафтасига 2 марта – сешанба ва жума кунлари селектор йиғилиши ўтказиладиган бўлди. Ҳар бир туманнинг 4 та сектор раҳбарига: ҳоким, прокурор, ИИБ ва ДСИ бошлиқларига бириктирилган ҳудудлар кўрсаткичлари бир хил бўлиши топширилди.
48 дақиқа давом этган йиғилишда июнь ойидан бошлаб ҳокимлик ва ОАВ ходимлари ўртасида махсус ишчи гуруҳ тузиш айтилди. Улар айнан юқори мансаб эгалари, амалдор, муассаса, корхона, идора раҳбарлари истиқомат қиладиган уй ва уй атрофидаги ҳудудларни ободонлаштиришга қўшган ҳиссаларини махсус назорат қилади.