Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ҳафта давомида олиб борилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 31 март кунидан 6 апрель кунига қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси соҳавий хизматлари томонидан жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”дан фош этиш ҳамда жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ва профилактикаси борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида март ойининг ўзида фош этилмай қолган жиноятларнинг 116 таси, ҳафта давомида эса 26 та, шундан: 1 та – қасддан оғир тан жароҳати етказиш, 2 та – босқинчилик, 1 та – талончилик, 16 та – ўғирлик, 5 та – фирибгарлик ва 1 та – гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари иссиқ изидан фош этилди.
Шунингдек, март ойида 510 нафар, ҳафта давомида 28 нафар – қидирувда бўлган жиноятчилар ушланди.
Кўча ва жамоат жойларида, хонадонларда босқинчилик, ўғирлик ва бошқа мулкий турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ҳафта давомида 41 та хонадон ва 21 та объект қўриқловга олинди. 62 та объектга автоном сигнализациялар, 65 та объектга 137 та видеокамера ўрнатилди.