...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент шаҳар ИИББ огоҳлантирмоқда: “Ким бўлсанг ҳам йўлни озода тут!”


10:52, 12.04.2018 Жамият
 4 291

“Tashkent city” қурилишидан чиқаётган тупроқ ва бошқа маиший чиқиндиларни ташиётган юк машиналарнинг шиналарига илашиб чиқаётган лой ярқираб турган машинанингизга доғ бўлиши аниқ!

Автомобилини эндигина ювдириб, чиннидек ялтиратиб кўчага олиб чиққан ҳайдовчилар Тошкентнинг Ботир Зокиров ва Ўзбекистон кўчаларидан зинҳор юрмагани маъқул. Боиси мазкур ҳудудда олиб борилаётган “Tashkent city” қурилишидан чиқаётган тупроқ ва бошқа маиший чиқиндиларни ташиётган юк машиналарнинг шиналарига илашиб чиқаётган лой ярқираб турган машинанингизга доғ бўлиши аниқ!
 
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида қурилиш ишларини олиб бораётган жисмоний ва юридик шахсларни шаҳар кўчаларини озода сақлаш юзасидан огоҳлантирди.

Унда маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 октябрда имзоланган 158-сон фармойишининг 3-бандида буюртмачи ва пудратчи ташкилот раҳбарлари,  шаҳарда қурилиш ишларини олиб бораётган мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахслар қудагича огоҳлантирилган.  
 
Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларида, айниқса, марказий кўчаларда қурилаётган йўл ва кўприклар,  хиёбон ва ижтимоий объектлар,  истироҳат боғлари ва янги турар жой бинолари, ишлаб чиқариш ва бошқа қурилиш объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларини озода сақлаш, кўчаларни ифлослантирмаслик;
 
қурилиш ҳудудларидан чиққан чиқиндиларни махсус транспорт воситаларида фақатгина чиқиндилар учун ажратилган жойларга олиб бориб ташлаш;
 
юклар, қурилиш чиқиндилари, қум ва тупроқларни махсус жиҳозланган юк машиналарида намланган ҳолда ёки уларнинг устини брезент билан ёпиш;
 
қурилишда фойдаланилаётган транспорт воситаларининг шаҳар кўчаларига тоза ва бенуқсон чиқишини таъминлаш мақсадида махсус белгиланган жойларда уларнинг ғилдиракларини ювиб-тозалаш;
 
куз-қиш мавсумида қурилиш ҳудудига бириктирилган транспорт воситалари қатнайдиган кўчаларни хазон, қор уюмлари, муз ва лойдан тозалаш учун шахсан масъул этиб белгиланган.
 
Бугунги кунда пойтахтанинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган қурилишларда, хусусан, “Tashkent city” лойиҳаси доирасида ушбу талаблар мунтазам равишда бажарилмай келмоқда. Ушбу талаб нафақат Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойишида, балки йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларида ҳам алоҳида банд сифатида келтирилган.
 
Қурилишларда бош-қош бўлаётган юридик ва жисмоний шахслар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан огоҳлантирилмоқда. Яъни пойтахтда қурилиш объектларига қатнайдиган транспорт воситаларининг озодалиги назоратга олиниши ҳамда ўрнатилган тартибда мунтазам равишда мақсадли рейдлар ўтказилиши, ушбу тартиб-қоидага амал қилмаган ҳайдовчи ва масъул шахсларга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 147-моддасига мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши мумкин.
 
Маълумот ўнида, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 147-моддасига кўра, йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш;
 
Йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан ҳалал бериш, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан ҳалал бериш — энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
 
Йўл белгиларини ўрнатиш, йўлларни, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини ҳаракат учун хавфсиз ҳолда сақлаш қоидаларини бузиш ёки йўлнинг айрим қисмларидан фойдаланиш ҳаракат хавфсизлигига таҳдид этадиган пайтда уларда ҳаракатни ўз вақтида тақиқлаш ёки чеклаш чораларини кўрмаслик — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
 

Теглар:Tashkent city Тошкент шаҳар ИИББ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар