
Ўзбекистон тегишли алоқалар ўрнатиб, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон ўтган давр мобайнида Афғонистон ҳукумати, АҚШ, ХХР, Россия, Халқаро мулоқот гуруҳига аъзо мамлакатлар, Евроосиё минтақаси, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ давлатлари вакиллари билан бу борада қатор маслаҳатлашув учрашувлари ва музокаралар ўтказди.
“Тошкент конференсияси иштирокчиларининг умумий позициясини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон тегишли алоқалар ўрнатиб, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказди. Учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик-барқарорлик ўрнатиш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, Ўзбекистон Рамазон ҳайитини нишонлаш муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида эришилган ўт отишни тўхтатишга эришилганини олқишлаши қайд этилган ва бу ярашув муддатсиз давом этишига умид билдирилган.
Ўзбекистон ўз ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ташкил этиш учун зарур шароитлар яратишга ҳар томонлама тайёр эканини билдириб ўтган.