Бирламчи дори-дармон, тиббий ускуна ва иш юритиш, қайднома дафтарлари тиббий муассаса томонидан берилиши керак эмасми? Ахир бунинг учун давлатнинг миллион-миллион пуллари сарфланиб, харид қилинади-ку?!
Ваҳоланки, касалликни даъволагандан уни олдини олиш осон, деган таомилга ўзимиз тўлиқ риоя қилмаймиз. Биз-ку касаллигимиз билан оввора-ю сарсонмиз, хўш, улар-чи?
Тиббиёт ходимларини “қўл ҳақи” олишда айблаганимиз айблаган. Бироқ, уларнинг зиммасида лўмбоздек турган харажатларни эшитсангиз, бу айблашлар ўринсизмикин-а, деб ўйлаб қоласиз.
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган бир постга эътибор қаратдик. Унда тиббиёт ходимлари гарданига ортилган турли харажатлар ҳақида сўз борган. Постда ёзилишича, давлат соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи шифокорлар ўз иш шароитларини ўзларининг моддий маблағлари ҳисобидан тиклаётган эканлар.
Жумладан, айрим тиббиёт ходимлари давлат даъволаш муассасасида ишлашлари, аниқроғи иш ўринларини сақлаш учун иш кийимларини — халатлари, канцелария маҳсулотлари (қоғозлар, ручкалар, журналлар, амбулатор карталар ва ҳ.к.), ҳатто касалларни даволашда ишлатиладиган дорилар, шприцлар, пахта, боғлов материаллари, танометр, термометр, фонендоскоп, хўжаликда ишлатиладиган совунлар, қоғоз салфеткалар, ҳаттоки электр лампаларигача ўз маблағлари эвазига сотиб олмоқдалар.
Келинг, ҳисоб-китобга ўтамиз. Халатнинг нархи ўртача 40 минг, канцелария маҳсулотларига ўртача 100 минг, шприц, пахта, боғлов материалларига эса ўртача 50 минг, танометр ўртача 100 минг, термометр 12 минг, фонендоскоп 75–100 минг, хўжаликда ишлатиладиган совунлар, қоғоз салфетка, электр лампаларига ўртача 30–40 минг сарф этилади, деб олайлик. Уларни қўшганда, демак, салкам 500 минг маблағ сарф этилар экан!
Бир йилда бу нарсалар неча мартадан олинади?!
Масалан, канцелария маҳсулотлари, шприц ва бошқа материаллар, хўжалик маҳсулотлари деярли ҳар ой сотиб олинади. Термометр эса бир ойнинг ўзида ҳатто бир неча маротаба харид қилинса, танометр, фонендоскоп эса йилда 1–2 марта харид қилинади. Бу ёғини ўзингиз ҳисоблаб кўринг энди...
Албатта, бу тиббиёт ходимлари учун оғирлик қилади. Ахир улар ўз ойликларини оила эҳтиёжлари учун ҳам ишлатишлари керак-ку! Балки айрим шифокорларнинг “қўл ҳақи” олишларига мана шундай ортиқча сарф-харажатлар сабаб бўлаётгандир?!
Кейин бу нарсалар, бирламчи дори-дармон, тиббий ускуна ва иш юритиш, қайднома дафтарлари тиббий муассаса томонидан берилиши керак эмасми? Ахир бунинг учун давлатнинг миллион-миллион пуллар сарфланиб, харид қилинади-ку?!
Яна бир масала. Мурожаатда тиббиёт ходимларининг турли газета ва журналларга мажбурий обуна қилинаётгани, қолаверса, Ўзбекистон шифокорлар ассоциацияси, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси (Постда истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ташкилоти дейилган) каби ташкилотларга бадал тўлаётгани ҳам айтиб ўтилган.
Бундан ташқари, давлат санитария-эпидемология назорати ходимлари, ўт ўчирувчилар, фавқулотда ҳолат текширувчилари, ҳокимият, прокуратура ва бошқа текширувчиларни “боқиш” ҳам тиббиёт ходимлари бўйнига илиб қўйилган экан.
Тўғри, камчиликлар ҳар бир муассасада топилади. Текширувчилар айнан шу — йўл қўйилган камчиликларга “кўз юмгани” учун “боқилади”... Бу ерда тиббиёт муассасаси ва ходимларининг айби ҳам бор, бу ҳеч кимга сир эмас.
Шунингдек, ҳозирги кунда тиббиёт ходимлари учун ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиш пуллик. Бу албатта, ажабланарли, ахир уларнинг ўзи шу соҳада фаолият юритишади-ку!
Постдаги “Нега биз давлат муассасасида ишлаб туриб тиббий кўрикдан пуллик ўтишимиз керак? Тиббий кўрик мажбурий экан, нега у тиббиёт ходимлари учун пуллик бўлиши керак?
Қон билан ишлайдиган тиббиёт ходимлари хавфли гуруҳига киришларига қарамасдан, нима учун ОИТС, гепатит “С”, “В” ва RW(заҳм) га қон топшириш улар учун пуллик, аммо фоҳиша, гиёҳванд ва махбуслар учун бепул?”, деган эътироз, албатта ўринли.
Шифокорлар қанчадан қанча беморлар дардига шифо беради-ю, бироқ ўзларига келганда “бўзчи белбоғга ёлчимас” экан-да?!
Шунингдек, мурожаатда сўнгги вақт шифокорларга беморлар ва айрим раҳбарлар томонидан қилинаётган қўпол муомила ҳам тилга олинган. Ҳа, бир бемор бутун тиббиёт ходимларини оёқости қилиши, уларни порахўрликда айблаши, ҳақорат қилиши, қўл кўтариши, камига президент порталига шикоят аризаси ёзиши мумкин. Бироқ, бу билан беморлар ишдан олинаётгани ёки уларга қарши жиддий чора кўрилаётгани йўқ.
Аммо бир аҳмоқ шифокорнинг коррупцияга йўл қўйгани, беморни ноўрин ҳафа қилгани сабаб эса бутун бошли шифокорларнинг номи балчиққа қорилаяпти, зудлик билан ишдан олинмоқда. Бу ҳолатни сиз ижобий баҳолай оласизми?
Албатта, мақола биргина постга таяниб ёзилмади...
Кўплаб тиббиёт соҳасида ишлаётган ходимлар уларнинг ўринли эканлигини, ҳақиқатдан ҳам тиббиёт ходимларини “сахий” бўлишга чорлаётган сарф-харажатлар рост эканлигини тасдиқлашди.
Таҳририятимизга соғлиқни сақлаш тизимининг ахборот хизматидан “ҳисобот шаклидаги” фаолиятлар жамланмаси ОАВ ларида ёритиш мақсадида (барча интернет сайтларга бир хил матнда) юборилиб туради.
Тўғри, соҳада изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда, эришилаётган ютуқлар кўлами мавжуд камчиликлар аҳамиятини “ювиб” кетаётгандек туюлади ва, натижада, бу камчиликларга “вақтинчалик муаммо” сифатида қарайсан киши...
Бироқ мутасаддиларга дори-дармонларнинг нега қимматлиги ҳақида берган саволларимиз ҳанузгача ўз жавобини топгани йўқ. Албатта, бу каби саволларга бир жумла билан жавоб бериб бўлмайди ва шунчаки хўжакўрсинга “ҳисобот жўнатиб қўйишдан” анча қийин...
Бироқ умид ва ишонч — жанг майдонида ўладиган энг охирги жангчи, дейилган гап бор. Биз ҳамон тегишли жавобларни кутмоқдамиз...
Танқидлар ноўрин, келтирилган мисоллар нотўғри, дейдиганларга олдиндан бир жавобимиз бор...
Гап эгасини топади! Шамол бўлмаганда, таъбир жоиз бўлса, кучли шамол ва довул бўлмаганда — дарахтларнинг шохлари бу каби қимирламаган, илдизини тупроқдан чиқариб оёқ остига ташламаган бўларди...
Тез орада Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бир-бирига занжирдек уланган мана шу муаммоларга эътибор қаратиб, тегишли чоралар кўради, деб умид қиламиз.