...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тўғрисини айтинг, бахтлимисиз? Бахт тилсими нимада ўзи?


11:56, 10.10.2017 Бу қизиқ
 4 178

Орадан икки ой ўтиб, унданда қимматроқ автомобилга “ишқимиз” тушиши аниқ. Бизга “бахт” ато этган туйғу аста-секин “эскиради”, яъни аҳамиятини йўқотади...

Бахт тушунчаси — ҳар кимда ҳар хил!
 
Кимдир буни оилавий хотиржамлик билан боғласа, яна кимгадир бу қувончли дамлар...
 
Кўпчилик учун бахт — сиҳат-саломатлик, тинч­хотиржам ҳаёт кечириш бўлса, баъзиларга бойлик, шон­шуҳрат ва амал. Айримларга эса орзу ушалишини (хаёллари ҳақиқатга айланиши): данғиллама уй, қимматбаҳо машина сотиб олиши, лотореядан бир қоп пул ютиши — бахт бўлиб туюларкан.
 
Гадвард университети психологи Ден Гилбертнинг фикрича, бахт нисбий тушунча бўлиб, киши ўзини бахтиёр сезишида қисқа вақт ичида пайдо бўлиб сўнг йўқоладиган ҳиссиёт экан.
 
Гилберт бу борада қатор тажрибалар ўтказди. Мақсад эса битта — кишининг қониқиш даражасини аниқлаш.
 
Инсон ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб кундалик ҳаётида қандай ишларга қўл уришини белгилаб олар экан.
 
Масалан: сўлим гўшадаги оролни сотиб олган бадавлат киши ўзида қандай бахтиёрлик ҳиссини туйса, кўча­куйда ивирсиб юрадиган бошпанасиз дайди киши (“бомж”) ахлат қутидан очилмаган спиртли ичимлик шишасини топиб олса, ўзнини шунчалик бахтиёр ҳис этиши мумкин.
 
Хуллас, айни пайтда кимга нима керак бўлса, маълум ҳаракат туфайли ёки фавқулотда ўшанга эришилса — у ўзини бахтиёр ҳисоблар экан.
 
Замонавий ҳаёт тарзи деб аталадиган оламга бир четдан боқинг...
 
Ривожланган техника ва технологиялар туфайли истеъмол бозоридаги таклиф турфа хил: озиқ­овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, маиший хизмат турлари бир-биридан яхши, жимжимадор ва алоҳида қулайликларга эга.
 
Биз ҳаддан кўп овқат истеъмол қиламиз, ортиқча вазн ортидан келадиган ноқулайликлару касалликлардан азият чекамиз.
 
Чунки, таклиф турфа хил ва айнан қай бирини танлашни билмаймиз, нафсимиз эса чегара билмайди. Нафсимиз қонганда эса ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз ва шу бахтиёрлик ҳиссини туйиш учун (ошқозонни керакли миқдорда тўлдириш меъёрини бизга танамизнинг ўзи билдиради) яна еяверамиз, еяверамиз, яъни нафсимизни қондирамиз.
 
Яна бир мисол: автосалондаги автомобиль кўзимизга чўғдек кўринади. Вақти келиб уни сотиб оламиз ҳам. Бахтиёрлик ҳиссини туямиз.
 
Орадан икки ой ўтиб, унданда қимматроқ автомобилга “ишқимиз” тушиши аниқ. Бизга “бахт” ато этган туйғу аста секин “эскиради”, яъни аҳамиятини йўқотади...
 
Демак, маълум эҳтиёж қондирилгандан сўнг янгиси пайдо бўлиши ва айрим ҳолларда уларнинг сони ортиши табиий ҳол. Бироқ онгли мавжудод сифатида бунинг меъёрини (чегарасини) билмаймиз...
 
Психологнинг фикрича, янги авлоднинг танлаш имконияти жуда кенг экан. Ота­она фарзандини “бахтли қилиш” учун янги моделдаги қўл телефонлари, компьютер ва янги­янги ўйинчоқлар олиб беради, натижа эса, кўпинча, бизнинг истагимизга тескари ҳолат билан тугайди.
 
Демак, танлаш имкониятининг торлиги, борига қаноат қилиш (кўникиш), яъни мавжуд нарсадан қониқиш ҳосил қилишга олиб келар экан.
 
Масалан кундалик ҳаётининг 8 соатини бағишлайдиган касбидан кўпчилик мамнун. Чунки унинг бошқа иложи йўқ!
 
Аслида­ку ҳамма моддий таъминоти юқори, бир қатор қулайликларга эга бўлган ташкилотда ишлашни истайди ва бунга эришилганда ҳам унинг бошқа “шароит”ларга эҳтиёжи туғилиши ҳеч гап эмас.
 
Ишламасдан шаҳарма-шаҳар, оролма-орол ялло қилиб юришни истайдиганлар қанча!
 
Психолог Ден Гилберт дунёдаги барча инсонларга ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўз­ўзини бахтли (хурсанд) қилиб бориш — инсон саломатлигига ва камолотига ижобий таъсир қилишини уқтирмоқда.
 
Афтидан америкалик психолог бир қатор тажрибалари орқали бир неча асрлар илгари шарқ мутафаккирлари томонидан илгари сурилган ҳаёт фалсафаси — шукроналик, борига қаноат қилиб яшаш билан олға интилиш ғоясини илгари сурмоқда.
 
Ҳар не бўлганда ҳам, ҳаётдан қониқиб яшашни эплай олиш керак!
 
Омон бўлинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Бахт тушунчаси Психологи таҳлиллари Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!