Терминал ва карточкалар учун тўловлар сўмда амалга оширилади.
Ушбу ўзгариш ва қўшимчалар банк ва нобанк кредит ташкилотлари учун тавсиявий тарифлар режаси бўйича амал қилади.
Ушбу ўзгариш ва қўшимчалар мамлакатимиз Президентининг “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ва “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида қабул қилинди.
Жорий этилган тариф режасига кўра, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов терминаллари учун тўлайдиган ижара ҳақи илгари мос равишда 5 ва 2,5 еврогача эквивалентда ўрнатилган бўлса, эндиликда улар сўмга ўтказилиб, мос равишда 25 минг ва 15 минг сўм этиб белгиланди.
Илгари жисмоний шахсларга йўқотилган ёки шикастланган пластик карточкалари ўрнига янгиси берилганда 5 евро экивалентигача, юридик ва якка тартибдаги тадбиркорлардан эса 10 евроча эквивалентда олинарди. Эндиликда айни хизматлар учун жисмоний шахслардан 10 минг сўмгача, юридик ва якка тартибдаги тадбиркорлардан 15 минг сўмгача ҳақ олиш тавсия этилди.
Юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор учун корпоратив пластик карточкани эмиссия қилишда тижорат банклари 5 еврогача эквивалентда олишарди. Янги тавсияларга мувофиқ бу хизмат турига ўрнатилган тариф 15 минг сўм этиб белгиланади.
Жисмоний шахслар пластик карточкаларини (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкаларни) эмиссия қилиш, пластик карточкаларни блокировка (шу жумладан, “стоп-лист”га) қўйиш ва чиқариш каби хизматлар бепул кўрсатиладиган бўлади.
Тижорат банклари пластик карточкалардан фойдаланувчиларнинг уларни ишлатишдан манфаатдорлигини оширишга йўналтирилган турли хил бонус, дисконт ва рағбатлантирувчи хизматларни амалиётга тадбиқ этиш борасидаги ишлари изчил давом эттирилиши айтиб ўтилди.