...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ота-онаси қотилликда гумон қилинаётган эгизаклар Тошкентда дафн этилиши мумкин


18:36, 16.09.2017 Олам
 20 869

Шу йилнинг ёзида Эмил Гилмутдинов ва Алла Волченко болалари билан Ўзбекистонда меҳмон бўлишган.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида ўзбекистонлик киши икки гўдакни ўлдирганликда айбланаётгани ҳақида хабар берган эдик. Уларнинг бири бир ёш, иккинчиси бир ярим ёш дейилганди.
 
Эндиликда нобут бўлган болалар эгазаклар бўлгани айтилмоқда. Полиция вакиллари эгизак гўдакларнинг жасадларини музлатгич ичидан топган. Қотилликда гумон қилинаётган ота-она эса ҳибсга олинган.
 
Қотиллик содир бўлган уйда яшовчи қўшнилар нохуш ҳид туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини чақиришган. Қўшнилардан бирининг айтишича, уйга киришганида музлатгичдан қон излари бўлган сумка топилган.
 
Хонадон эгаси уйни уч болали аёлга 2 кунга ижарага берганлигини маълум қилган. Илк хабарларда мазкур қотилликни ўзбекистонлик эркак амалга оширганлиги хабар қилинганди.
 
“Nur.kz” сайтида ёзилишича, ҳозирда аёл ҳам, эркак ҳам қамоқда. Улар ўз айбларини тан олишган...
 
Маълумотларга кўра, болаларнинг отаси Эмил Гилмутдинов Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари коллежини ва сиртқи бўлимда институтни тамомлаган. Бироқ асосан официант бўлиб ишлаган.
 
Болаларнинг онаси эса Алла Волченко бўлиб, у 34 ёшда. У тўнғич фарзандини Олма-отада дунёга келтирган. Уларнинг эгиз, умумий фарзандлари эса Тошкентда туғилган.
 
Эр ва хотиннинг сўзларига кўра, болаларнинг инжиқликлари уларга ёқмаган ва улар бундан “халос бўлиш”ни исташган.
 
Аёлнинг тўнғич фарзанди кўчада қолиб кетган. Алла Волченко маст ҳолатда бўлганлиги туфайли катта фарзандини қаерда қолдириб кетганлигини эслай олмаган.
 
Ўлдирилган болаларнинг буваси Саловат Гильмутдинов бу ҳақда яқинда хабар топиб, нобут бўлган гўдакларнинг жасадларини Тошкентга олиб келиб, дафн этиш ҳаракатида эканлигини маълум қилган.
 
Тошкентда яшовчи Саловат Гильмутдинов ўғлининг бундай қотилликни содир этганлигига ишонмаслигини таъкидлаган. Маълум бўлишича, шу йилнинг ёзида Эмил Гилмутдинов ва (тахминимизча никоҳсиз хотини) Алла Волченко уч нафар болалари билан Ўзбекистонда меҳмон бўлишган.
 
“...У босиқ, болаларни, жониворларни жуда яхши кўради. Бундай қотилликни амалга оширган бўлиши мумкин эмас. Менимча, у Алланинг айбини ўз бўйнига олган. Ўғлим кечаси ишдан қайтганида, одатда Алла ухлаб ётган бўларди. Эмиль эса ишдан келиб,болаларнинг таглигини алмаштириб, уларга қарар эди. Аёли эса хотиржам ухлашда давом этарди”, дейди айбланувчининг отаси.
 
Эгизакларга Саловат ва Ринат деб исм қўйишган бўлган. Саловат Гильмутдинов Алланинг тўнғич фарзанди Равилни оталиққа олиб, Тошкентга олиб келишни мўлжалламоқда.
 
Ҳозирда Алла Волченко ва Эмил Гилмутдиновлар Қозоғистон Республикаси жиноят кодексининг 99-моддаси, 2-қисми, 1-, 2- ва 7-пунктларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган.
 
Қотилликда гумон қилинаётган шахслар 2 ой муддатга, яъни 11 ноябрь санасигача эҳтиёт чораси сифатида ҳисбга олинган. Бу ҳақда Олма-ота шаҳар судининг матбуот котиби Дияс Махамбетов хабар бермоқда.
 
Мазкур қотиллик иши юзасидан ҳозирча аниқ маълумотлар, тўлиқ исботланган далиллар мавжуд эмас. Қўлга олинган ота-оналарнинг руҳий хасталигини исботловчи маълумотлар ҳам йўқ.
 
Аниғи, 2 нафар гўдакнинг нобут бўлган ва уларнинг аянчли ўлимида ўзларининг ота-онаси гумон остига олинаётгани ҳамда гумондорлар ҳозирда ҳисбга олинганлиги.
 
Воқеа юзасидан очилган жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Дурдона Расулова 

Теглар:Олма-ота Қотиллик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!