Лола Каримованинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Москвага ўрнатилажак Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкал устида иш бошлангани хабар қилинди.
Айни кунларда Москвада бўлиб турган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Акбаровна ва Лола Исломовна ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳнинг бошқа аъзолари англиялик таниқли ҳайкалтарош Пол Дэй билан Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкални яратиш устида музокаралар олиб боришмоқда.
“Ҳозирда ижодий гуруҳимиз билан Москвадамиз. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ислом Каримов номи берилган Москва марказидаги хиёбон ва ҳайкалнинг лойиҳасини Москва шаҳар бошқарув органларига тақдим этиш учун ташриф буюрдик. Бу лойиҳа устида иш олиб бориш биз учун жуда катта шараф ва масъулиятдир. Мазкур хиёбон шаҳарнинг чиройли жойларидан бири бўлиб қолишини истаймиз. Шу сабабли ушбу лойиҳа устида иш олиб боришга Лондоннинг чинакам безаги бўлмиш “Британия учун жанг” монументал иншооти, “Қиролича-она” ҳайкали ҳамда Лондоннинг Сент-Панкрас станциясидаги “Учрашув жойи” бронза ҳайкалини яратган машҳур англиялик ҳайкалтарош Пол Дэйни таклиф этдик. Унинг сўнгги санъат асари “Ироқ ва Афғонистондаги урушлар” мемориал ёдгорлиги 2017 йилнинг март ойида Буюк Британия Қироличаси Елизавета II томонидан тантанали очилган”, деб ёзади Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига.
Лола Каримова Москва шаҳридаги лойиҳа устида ишлаш давомида ушбу хиёбон кўп йиллардан кейин ҳам москваликлар ва сайёҳлар учун ўз жозибасини сақлаб қолишига алоҳида урғу берганини таъкидлайди.
Қолаверса, жамоатчи ушбу лойиҳанинг тўлиқ тафсилотларини ҳозирча бера олмаслигини, 2018 йилда лойиҳа амалга оширилгандан кейингина, уни кенг омма эътиборига ҳавола этилишини айтади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Москва шаҳридаги туманлардан биридаги боғ Ислом Каримов номи билан аталган эди. Ислом Каримов номидаги сайилгоҳ Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси яқинида бунёд этилади.