...
МЕНЮ
ONLINE TV

Таниқли шоир, таржимон Мирпўлат Мирзо оламдан ўтди


10:34, 22.02.2018 Жамият
 2 386

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мирпўлат Мирзо Пастернак номидаги Россия, “Алаш” номли Қозоғистон халқаро мукофотлари соҳиби бўлган.

Шоир Муҳаммад Исмоил ижтимоий тармоқдаги саҳифасида таниқли шоир, таржимон Мирпўлат Мирзо кеча 21 февраль, чоршанба куни вафот этганини маълум қилди.
 
У шундай ёзган:
 
“Худойимнинг ишлари қизиқ. Боягина, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўришган эдик. Одил Ёқубовнинг юбилейини ўтқазишда бирга бўламиз деб суҳбатлашган эдик. Аммо, ҳозиргина нохуш хабар эшитдим. Мирпўлат акамизни бериб қўйибмиз Муҳтарам ФБдош дўстлар. Жойлари жаннатдан бўлсин. Тилла инсон эдилар. Ўзбек шеъриятининг забардаст паҳлавони эдилар. Эртага пешинга салоти жанозага. Имкон топганлар, илтимос қатнашинглар, савоб бўлади. Уйлари Қорасув даҳасида эди.
 
Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди ва уни 1971 йилда тугатди. Меҳнат фаолиятини 1971 йилда ҳозирги “Янги аср авлоди” нашриётида бошлаган. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифаларида ишлаб келди. Узоқ йиллар “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари бўлди.
 
Мирпўлат Мирзонинг ижоди талабалик йилларида бошланган. Дастлабки шеърий туркуми 1971 йилда “Гулистон” журналида, илк шеърий тўплами эса 1975 йилда нашр этилган. “Ишқ фасли” (1978), “Яхши кунлар” (1981), “Сунбула” (1985), “Мовий дарё” (1988), “Атиргул ва юлдузлар” (1990) каби қатор тўпламлари чоп этилди. Шоир шеърларида халқининг орзу-умидларини, келажагини, долғали давр кишиларининг мураккаб ички оламини, ҳис-туйғуларини, жамиятда шаклланаётган истиқлол орзусини куйлашга интилди.
 
Мирпўлат Мирзо мустақиллик йилларида баракали ижод қилди. Шеърларидан жамланган “Сайланма” (2004), мақолалар, пьеса, таржималар, шеърлардан иборат “Сурур” (2009) мажмуаси, эсселар, сафарномани ўз ичига олган “Райҳон иси” (2011) тўплами босилиб чиқди.
 
Таржимон сифатида Мирпўлат Мирзо Лессингнинг “Донишманд Натан”, Шекспирнинг “Ёз туни ғаройиботлари” асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Бу асарлар ўзбек Миллий академик драма театрида муваффақият билан саҳналаштирилди. “Сомон йўли чечаклари” (жаҳон шеърияти антологияси, 2004), “Сайра, дўмбирам” (қозоқ шеърияти антологияси, 2005), “Ложувард осмон” (ХХ аср шоирлари, 2008) китоби,“ХХ аср рус шеърияти” (2010) таржима мажмуалари нашр этилди.
“Қачон тонг отади” драмаси Қозоғистондаги Чимкент вилояти ўзбек Давлат театрида саҳналаштирилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мирпўлат Мирзо Пастернак номидаги Россия (1998), “Алаш” номли Қозоғистон халқаро мукофотлари (2001) соҳиби”.
 
Qalampir.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Фирдавс БЕК

Теглар:Мирпўлат Мирзо шоир 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар