Сурхондарё вилояти ҳокимига келиб тушган мурожаатда Деновдаги 46-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай ҳолат содир этилгани хабар қилинган.
Жумладан, аввалроқ, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон Халқ таълими бўлимига қарашли 54- ва 30-ўрта мактабларда ҳамда Денов педагогика коллежида шундай сохта ҳужжатлар аниқланиб, мактаб ва коллеж директорлари ўз вазифаларидан озод этилган эди.
Яқинда Сурхондарё вилояти ҳокимининг Telegram мессенжерига келиб тушган мурожаатда Деновдаги 46-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай ҳолат содир этилгани хабар қилинган. Мазкур хабар асосида тегишли идора ходимлари суриштирув ишлари учун мактабга келишган.
Маълум бўлишича, фуқаро Хуршида Менгалиева мактабда бир кун ҳам ишламаган бўлса-да, мактаб маъмурияти билан жиноий тил бириктириб, сохта ҳужжатлар тайёрлагани ва бунинг эвазига Термиз давлат университетининг махсус сиртқи бўлимига талабаликка қабул қилинган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида мактаб директори Элмурод Бойсариев мазкур ишга тўлиқ иқрор бўлган.
Кейинчалик Хуршида Менгалиеванинг Денов туманидаги Компьютер технологиялари коллежида (2011-2014 йиллар давомида шу коллежда фаолият олиб боргани айтилган) жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб коллеж психологи вазифасига буйруқларларсиз 0,5 ставкага ишга қабул қилингани ҳам ойдинлашди.
Текширув натижасида ўтган давр мобайнида ҳам ушбу коллеж директори Шокир Сатторов Хуршида Менгалиевани тегишли ҳужжатларни юритмасдан ишга қабул қилгани ва иш даврини тасдиқламагани қайд этилди.
Хуршида Менгалиевани ишга қабул қилишдаги бепарволик ва камчиликларни коллеж директори ўз бўйнига олди.
Ҳозирда махсус комиссия томонидан ушбу иш юзасидан Термиз давлат университетида ҳам текширув ишлари олиб борилиши таъкидланган.