Картошка ва пиёзнинг нарх-наволарини ўрганиш мақсадида “Чорсу” савдо мажмуасининг деҳқон бозорига бордик.
Қанча гап-сўзларга қарамай, картошка ва пиёзнинг нарх-наволари ҳанузгача ўзгармаяётганга ўхшайди. Шунинг учун бу мавзуга яна қайтдик ва кеча, 18 июнь куни “Чорсу” савдо мажмуасининг деҳқон бозорида бўлдик.
Моҳи Рамазон ойи бўлгани учунми, якшанба дам олиш куни бўлишига қарамай, кеч соат бешлар атрофида бозор-ўчар қилиб юрганлар анча сийраклашиб қолган экан.
Бежизга ўрганиш объекти қилиб деҳқон бозорларини танлаганимиз йўқ. Халқимизда “Отанг – бозор, онанг – бозор”, деган гап бор. Шунданми, нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам оптималлашган савдо шохобчалари кўпайиб бораётган бўлса-да, ҳалигача аҳолининг кўпчилик қисми деҳқон бозорларидан савдо қилишмоқда.
Нархларни кўздан кечириш чоғида қизиқ воқеага дуч келдик. Қарангки, савдо расталарининг бирортасида терминаллар орқали картошка харид қилиш имкони топилмади. Ҳаттоки, “Элга хизмат” расталарининг биттасидагина терминал бўлиб, у ерда ҳам картошка йўқ. Не қиларимизни билмай тургандик, бозорни тартибга келтириб юрган мутасаддиларни учратиб қолдик ва уларга юзландик.
Улар бугун бозор куни бўлганини ва биз кеч келганимизни айтишди. Терминаллар нега йўқлигини сўраганимизда аниқ жавоб бера олишмади. Фақатгина “Ишлаётган эди”, дея олишди, холос. Биздан неча кило картошка олишимизни сўрашди ва бир сотувчига қаердандир олиб келишни буюрди. Мен ўша сотувчига эргашдим. Сотувчи фақат нақд пулга картошка сотаётган растага борди ва ўз ёнидан нақд пулга 5 кг картошка сотиб олиб, менга узатди. Қайтаётганимизда хижолат бўлиб, “Ака, сизни оғир аҳволга солиб қўймадикми”, деб сўрадим. Сотувчи акамиз: “Раҳбарлар айтганидан кейин, нима қиламиз”, деб жавоб берди. Ўз ёнидан нақд пулга картошка олиб берган сотувчи пластик карточкамиздан 18000 сўм ечиб қолди.
Мутасадди акаларимиздан бири бу ишга изоҳ берди: “Эрталаб картошка кўп эди. Навбат билан (ёзнинг ўртасида-я – изоҳ муаллифники) савдо қиляпмиз. Юнусободдан ҳам фуқаролар келиб, биздан савдо қилишмоқда. Шунданми етишмовчилик кузатилди”.
Биз бу ерда сотувчиларни ҳам, бозор масъулларини ҳам айиблашдан йироқмиз. Сабаби сизу бизга кундек равшан бўлган деҳқон ва сотувчилар ўртасида нақд пулсиз алоқалар механизми йўқлиги. Бундай бўлгандан кейин иккала томон ҳам зарар кўришни истамайди-да ахир.
Ўтган йиллар сингари бу йил ҳам қиш ойларида картошка ва пиёз анча қимматлашди. Мақола аввалида бу мазву “чайналавериб” жағлар толгани тўғрисида ёзгандик. Мана баҳор ўтди, картошка ва пиёзнинг эртапишар навлари етилиб бўлди ҳамки, шу аҳвол. Демак, каттаконларимиз бу масалага панжа орасидан қараётганга ўхшайди. Бўлмаса, картошка деган савил korzinka.uz савдо марказларида 6690 дан 5390 сўмгача, бозорларда эса 4 минг атрофида сотилармиди?
Кетар чоғимизда масъуллардан бири: “Хафачилик бўлмасин, ука, бу ердан ҳеч бир киши норизо бўлиб кетмаган”, дея лутф қилди. Кимлардан норизо бўлардик, ўрганиб ҳам қолдик-ку. Пойтахтда шу бўлса, чекка қишлоқлардаги маоши пластик карточкага тўлиқ тушадиган ютдошларимиз қандай кун кўришаётган экан-а? Ҳа энди, қорни оч билан қорни тўқнинг нима иши бор, ўлмаган қул кўраверади-да. А, лаббай?!