...
МЕНЮ
ONLINE TV

Соқол, ҳижоб... Кейин-чи?!


18:34, 15.03.2018 Таҳлил
 22 677

“Одамга либос, эшакка тўқим” деган гап бор халқимизда. Бунинг моҳиятини тушуниб етиш учун олим ё файласуф бўлиш шарт эмас.

Инсон омили ҳамма даврда, ҳар қайси жамиятда беқарор вазиятни вужудга келтиришда асосий қурол вазифасини ўтаган. Ижтимоий фикр келтириб чиқариш, одамларда муносабат уйғотишдан осони йўқ. Бироқ бу муносабатлар, умумлаштирилаётган мулоҳазалар нималарга хизмат қилмоқда? Журналист Дилмурод Жумабоевнинг “Qalampir.uz”да эълон қилинган “Демади деманглар: “Ҳижоб билан дискотекага киритишмади” деган хабарлар ҳам пайдо бўлади яқинда!” номли мақоласи мени анчадан бери ўйлантириб келаётган мавзуга қўл уришга ундади.
 
Устозим Нарзулла Жўраев билан бир суҳбатни кўп хотирлайман. Бир вақтлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган бу инсон билан илк бор олий ўқув юртида, дарс жараёнида учрашгандим. Ўшанда устоз Журналистика талабаларига “Демократиянинг охири борми? Бизга демократия керакми?” деган савол билан юзланганди. Мулоқот қизғин баҳс-мунозарага айланди. Хилма-хил фикрлар, қарашлар пайдо бўлди. Аввал индивидуал, кейин жамоавий мулоҳазалар... Кимдир саволни ўз қаричи билан ўлчаб, гапни “Бизда демократия йўқ, журналистлар истаганини ёзолмайди”, дейишдан бошлади. Устоз рад этмади, бошини эгиб маъқуллаган бўлди. Кейинги талаба ундан ҳам бадтарини айтди, устоз яна маъқуллади. Аслида у ана шу маъқуллаш билан демократия шу аудиториянинг ўзидан бошланаётганини, ҳар ким ўз фикрини билдиришга ҳақли эканини ҳаётий мисолда кўрсатишга ҳаракат қилганди.
 
Талабалардан бири ҳеч кимни айбламади. На давлатга, на жамиятга тош отди. Аксинча, айб ўзимизда, демократиянинг моҳиятини тушуниб етмаслигимизда эканини  исботлашга уринди. “Демократия – чексизлик! Инсон эса битмас-туганмас истаклар мажмуи. У бугун озроқ, эртага кўпроқ нарса хоҳлайди. Бора-бора қаноатни унутади, кун келиб жамият тугул, дунё унга торлик қилишни бошлайди. Демак, демократияни тушуниш, истакларни жиловлашдан бошланади”, деган фикрни илгари сурди. Нарзулла Жўраевнинг юзида табассум пайдо бўлди ва бояги талабанинг айтганларини қўллаб-қувватлади.


 
“Жамиятга 50 кишилик аудиториямизда бўлгани каби битта бўлса ҳам ана шундай одамлар керак, чунки демократиянинг охири йўқ, инсон тирикки, истаклар ҳам ўлмайди”, деган эди.
 
Бу мулоқот устозни танимаганлар учун унчалик қизиқ бўлмаслиги табиий. Гапни бунча чўздинг, индаллосига ўтмайсанми, деётганлар ҳам топилади орангизда. Аслида бу гапларга қаноат билан қараш ҳам сизнинг қанчалик демократ эканингизни кўрсатади.
 
Майли, кўпчилик кутган ўша индаллога ўтсак! Бугун ОАВда, айниқса, интернет-нашрларда аёлларнинг рўмол ўраши, эркакларнинг соқол қўйиши ёқлаб чиқилаётган мақолаларга кўп кўзим тушяпти. Балки, сиз ҳам кўргандирсиз... Ижтимоий тармоқлардаги таклиф ва талаблар мамлакатдаги умумижтимоий фикрни кўрсатиб берувчи мақолаларга айланишни бошлади. Икки, уч ва ундан ортиқ одамларнинг фикри эса бутун жамият қарашларини ифода этаётгандек, буни халқ хоҳлаяпти, қабилидаги талабгорлик кишини бу мавзуни эътиборсиз қолдирмасликка ундайди.
 
Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз! Диндан қайсимиз кам, қайсимиз кўп хабардормиз. Диний эътиқод қонунлардан тортиб, амалда ҳам эркин қилиб қўйилган жамиятда яшаяпмиз. Масжидларимиз одамлар билан гавжум, ибодатлар адо этилиши, рамазон рўзаси тутилиши, диний байрамлар нишонланиши, Ҳаж, Умра каби улуғ амаллар бажарилишига Ҳукумат имконият ва шароит яратиб қўйибди. Ё ёлғонми? Охирги бир йилда диний соҳадаги имкониятлар янада кенгайди. Қорилар, қориялар танловлари эълон қилинди, Ислом маданияти маркази қурилиши бошланди, буюк алломалар мероси тикланмоқда, улуғ қадамжолар обод қилинмоқда. Бош минбардан туриб Президент бир неча бор ҳадисларга мурожаат қилди. Қуръонни эшитиш, эшиттириш ҳақида гапирди. БМТнинг 72-сессияси эса нафақат халқимиз, балки бутун Ислом олами учун улкан воқелик бўлди. Давлат раҳбари Имом ал-Бухорий номини ушбу минбарда тилга олиб, Ислом дини терроризм, экстремизмга қарши эканини алоҳида таъкидлади.
 

 
Жамиятда юз бераётган бундай оламшумул ўзгаришлар одамлар онгини, қарашларини ҳам ўзгартирмоқда. Масала ҳам шунда! Хўш, одамларнинг дунёқараши қайси тарафга ўзгармоқда? Ижтимоий фикр шаклланиши нималар ҳисобига рўй бермоқда?
 
Яна юқорида кўтарилган масалага қайтсак. Яқинда интернет тармоқларида соқол қўйган талаба ОТМга киритилмагани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалди. Ўша талаба билан суҳбат уюштиришга ҳам улгурдилар. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси ўз иддаосида соқол қўйиш эркинлигини талаб қилади. Бунга нисбатан изоҳ қолдираётганлар ҳам уни қўллаб-қувватлайди. Соқол қўйишнинг диний белги экани, демократик давлатларда на иш жойлари ва на таълим муассасаларида бунга қаршилик бўлмаслиги кераклигини ёзаётганлар ҳам бор.
 
Аксарият фойдаланувчилар соқолни ҳимоя қилиш асносида, аёлларнинг ҳижоб ўрашига ҳам қалқон бўлади.  
 
Бу орада Ёшлар иттифоқининг қайсидир вилоят кенгаши аъзоси таълим масканида ҳижоб ўраган қизларнинг рўмолини ечтиришга урингани интернетда катта шов-шувга айланди. Бу воқеа қаерда бўлгани, унга ким гувоҳлик қилгани ҳамон номаълум.
 
Майли, рўмол ва соқол билан боғлиқ икки воқеани ҳам содир бўлди, дейлик. Лекин масалага фақат бир тарафдан назар солиш қанчалик тўғри? Бугун бундай воқеалар интернетда шу қадар аланга оляпти-ки одамлар танганинг иккинчи тарафига қарашга улгурмаяпти. Кўп фикр, хўп фикрликда устун келиб, ҳамма бир оқимга қўшилиб кетаётгандек.
 
Рўмолга қаршилигимиз йўқ! Ислом динида аёллар рўмол ўраши фарз қилинган. Бироқ рўмол ўрашни дастак қилаётганлар, бошқа амалларни ҳам айтилганидек бажаряптими? Буни таҳлил қилиш бизга қолмагандир, зотан бунга талабгор ҳам эмасмиз, лекин қайсидир етакчи ва рўмолли қиз ўртасида келиб чиққан можарога берилаётган субъектив баҳо ортидан бутун жамиятда рўмол ўраган аёлларга олақараш бор мазмунидаги муносабат уйғотилишидан нима наф? Айтингчи, бундан кимлар манфаатдор?
 
Ўзбекистон Республикаси Қонунларида ҳижоб ўрашга нисбатан ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Диний эътиқод эркинлиги эса Конституция билан мустаҳкамланган ҳуқуқлардан биридир. Қайсидир таълим муассасидаги бошяланг ва ҳижобли ўқувчи ўртасида чиққан тортишув эса бутун давлатда шундай аҳвол деган хулосага келишга асос бўлмаслиги керак. Хўш, шундай бўляптими? Йўқ, албатта. Аксинча, битта масала кўр-кўрона дастак қилиняпти, қайси йиғилишда диний мавзуда сўз очилса, билган-билмаган шу воқеани ўртага ташлаяпти.
 
Тўғри, қайсидир даврда аёлларнинг рўмолига нисбатан антисимпатия ҳам кузатилгандир. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бўлганини ўзингиз биласиз ва ҳозир тарихга қайтишга ҳожат йўқ. Муҳими, бугун рўмолга нисбатан тазйиқ бўлмаяпти, антисимпатия ҳам йўқ. Куни кеча Умра зиёратидан келган актриса Раъно Ярашева Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тадбирга рўмолда борди.



Ҳеч ким қувиб чиқармади, бошидан рўмолини ҳам тортиб олмади. Қолаверса, “Миллий” телеканали орқали кунига уч маҳал хонанда Жаҳонгир Отажонов соқол билан қўшиқ куйлаб чиқяпти. Клип эфирдан олиб ташлангани, Жаҳонгир Отажоновга тақиқ қўйилгани йўқ-ку.
 
Таълим масканларида ҳам ҳижобдагиларга нисбатан муносабат аввалгига нисбатан анча ўзгарган, фақат гап бу муносабатни суиистеъмол қилмасликда қоляпти. Бугун рўмол ва соқол учун изн сўралади, эртага яна бошқа нарсага. Қарабсизки, жамият иккига бўлинади, рўмоллилар ва рўмолсизлар! Биз шуни истаяпмизми?
 
Соқолга келсак, бугунги ёшлар уни қўйиши ортидан диний билимдонлик борми ёки қайсидир турк актёрига ҳавасмандлик? Ўзбекистонда соқол қўйишга ҳам расман тақиқ йўқ. Таълим муассасаларида эса “эт-бетингга қараб олмайсанми” деган маънода соқолга “қарши” чиқаётганлар ҳам учраётгандир. Ҳар ҳолда кўпчилик оилаларда ота-оналар ўғлининг соқоли олинмаганига ғаши келиб турганда, ўқитувчининг ҳолатини тушунаверинг. 
 
Хўп, соқолга таълим муассасасида ҳам қарши чиқмадилар, дейлик. Кейин-чи? Кейин нима бўлади? Мен сизга айтай! 9-синфга ўтиб ўзини катта йигит санаб қолганлар, на ўқишни, на касб эгаллашни дўндирганлар динда буюрилган ишни бажаряпман, деб соқол қўяди. Яна жамиятда иккига бўлиниш бошланади. Ота-она назоратидан чиқмайдиган, ташқи кўринишига эътиборлилар бир тараф, соқол қўйиш экан деб афт-ангорига қарамайдиган айримлар бир тараф!
 
Юқорида таъкидланганидек, инсон омили жамиятда жуда катта кучга эга. Ундан турли мақсадларда фойдаланиш мумкин. Диний ва миллий қадриятлар топталаётганига эътибор тортиб, уларни ҳимоя қилиш ортидан эса бошқа мақсадларга амалга оширилишини кўп кузатганмиз.
 
Шу нуқтада араб мамлакатларида рўй берган “Араб баҳори”, Украинадаги фуқаролик урушларини эслаш ўринли. Боиси ҳар иккисида ҳам асосий майдон ижтимоий тармоқ, асосий қурол инсон омили, асосий ўлжа эса ёшлар бўлган эди.
 
Инқилоб технологиялари бўйича таҳлилий бир мақолада ўқиган эдим: (айнан келтиролмасам ҳам, берилмоқчи бўлган фикрни аниқ эслайман) “Исталган бир фикрни муайян бир жамиятга сингдириш учун, 10 фоизлик қисмни қамраб олгунча бўлган жараён энг қийини, бунгача жамият ўз манфаатига зид бўлган ғояни, ташқи фикрни қабул қилмайди. Ана ўша 10 фоизлик тўсиқдан ўтилгандан кейин, у ёғига ҳеч нарса қилишнинг кераги йўқ,  сингдирилмоқчи бўлган ғоя ўзлари билиб-билмай жамият аъзолари томонидан катта тезликда тарқатилади...” 
 
Балки, соқол қўйиш ва ҳижоб ўраш учун эркинликни талаб қилиб чиқаётганларнинг асл мақсадлари бошқадир, бу таклифлар ортида бошқача ғоялар бордир. Боиси дин ва унга боғлиқ бўлган воситалар ҳамиша энг ишончли қурол саналган.
 
Соқол ва рўмол масаласи одамлар, хусусан, ёшлар орасида катта шов-шувга айлантирилиб, гўё унинг ҳимояси ортидан бошқа мақсадлар ўртага чиқиши мумкин бўлган даврда яшаяпмиз. Ортиқча огоҳлик эса зарар қилмайди. Айниқса, ОАВ ходимлари ёзаётганига эътиборлироқ бўлса, жамиятдаги барқарорликни сақлашга ҳисса қўшган бўларди.
 
“Одамга либос, эшакка тўқим” деган гап бор халқимизда. Бунинг моҳиятини тушуниб етиш учун олим ё файласуф бўлиш шарт эмас.
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет-нашри раҳбари, журналист

Теглар:Соқол Ҳижоб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!