Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2017 йил 29 майдаги ПФ-5059-сон фармони билан истеъмолчиларга энергия ресурсларини сотишдан тушган маблағларнинг 10%и ҳисобига шакллантириладиган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш Жамғармаси ташкил этилган.
Республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни миллий валютада сотишдан тушадиган маблағ Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбааси сифатида белгиланган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлангани ҳақида хабар қилинган. (Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори, рўйхат рақами 2902, 2017 йил 24 июль).
Ушбу ҳужжатларга асосан электр энергияси ва табиий газни сотишдан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартиби белгиланди.
Электр энергиясини сотишдан тушадиган маблағлар ягона махсус ҳисоб вараққа (22636) ўтказилади ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни чегирган ҳолда қуйидаги тартибда тақсимланади:
- маблағларнинг 10%и ҳар куни кейинги банк кунидан кечиктирмай, мемориал ордер асосида Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағига йўналтирилади;
- маблағларнинг 90%и ҳар куни мемориал ордер асосида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг махсус ҳисобварағига (22604) кейинчалик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мутаносибликка мувофиқ тақсимлаш учун ўтказилади.
Чегирилган ҚҚС суммаси ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва «Ўзбекэнерго» АЖнинг электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналари солиқ мажбуриятларини белгиланган тартибда бажаришга йўналтирилади.
Табиий газни сотишдан тушадиган маблағлар ягона махсус ҳисобвараққа (22634) ўтказилади ва ҚҚСни чегирган ҳолда қуйидаги тартибда тақсимланади:
- маблағларнинг 10%и ҳар куни, кейинги банк кунидан кечиктирмай мемориал ордер асосида Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағига йўналтирилади;
- маблағларнинг 90%и ҳар куни мемориал ордер асосида «Ўзтрансгаз» АЖнинг асосий ҳисобварағига (20210) кейинчалик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мутаносибликка мувофиқ тақсимлаш учун ўтказилади.
Чегирилган ҚҚС суммаси «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбекнефтегаз» АЖ корхоналарининг солиқ мажбуриятларини белгиланган тартибда бажаришга йўналтирилади.